Uz / Ўз Ru En

Toshkent

18/Ноябрь/2020   Жамият

Диний бағрикенгликни таъминлашда Марказий Осиё халқларининг тарихий қадриятлари аҳамиятига бағишланган анжуман бўлиб ўтди


ТОШКЕНТ, 18 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида «Диний бағрикенгликни таъминлашда Марказий Осиё давлатларининг тарихий қадриятларини ўрганиш ва тарғиб қилиш масалалари» мавзусида халқаро онлайн-конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Конференцияда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти мутахассислари, АҚШнинг Бригам Янг университети ҳамда минтақа давлатларида диний-маърифий соҳада фаолият олиб бораётган исломшунос, диншунос олимлар, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари ва республикамизда расмий рўйхатдан ўтган диний ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан ўтказилган ушбу конференциядан кўзланган асосий мақсад – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида Марказий Осиё давлатларида амалга оширилган ишларни ўрганишдан иборат.

Анжуманда ушбу соҳада мавжуд муаммоларни аниқлаш, истиқболда белгиланган вазифаларни таҳлил қилиш ва шу йўналишда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Зеро, минтақанинг тараққий этиши авваламбор ҳудудда жойлашган давлатларда барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитининг сақланишига боғлиқ.

Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти давлатлари учун ғоят долзарб масалалардан бири ҳисобланади. 1995 йил 16 ноябрда БМТнинг Фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти ЮНЕСКО томонидан Бағрикенглик тамойиллари декларациясининг қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортди. Мазкур ҳужжат кўп ўтмай БМТнинг 73-сессиясида аъзо давлатлар томонидан якдилликда қабул қилинди ва 50 дан ортиқ мамлакат бу резолюцияга ҳаммуаллиф бўлиш истагини билдирди. 

Қайд этилганидек, Марказий Осиё минтақасининг марказида жойлашган Ўзбекистондаги барқарорликни ҳамда давлат ва жамият тараққиётини мамлакатда истиқомат қиладиган 130 дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотувлигисиз, расман рўйхатдан ўтган 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий қисми эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Конференция иштирокчилари таъкидлашича, диний бағрикенглик ҳамиша диний адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлиши, улар ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланиши билан бевосита боғлиқ. Бу ўз навбатида юрт тинчлиги, тараққиёти ва умуминсоний маданият ривожига хизмат қилган.

Мавзуга оид

Франциянинг Рюэй-Мальмезон шаҳри Бухорог...

Ўзбекистоннинг Бухоро билан Франциянинг Рюэй-Мальмезон шаҳарлари биродарлашган шаҳарлар ҳи...

Миср ОАВ: Ўзбекистонда 2 сентябрь куни Б...

Журналист Фотима Бадавий томонидан ёзилган ушбу сарлавҳа остидаги мақола Мисрнинг “Ал-Хаба...

БМТ Аҳолишунослик фонди лойиҳаси доираси...

Ўзбекистон Республикасида БМТнинг Аҳолишунослик фонди (ЮНФПА) вакили ўринбосари Камолхон И...

Сўнгги янгиликлар