Uz / Ўз Ru En

Toshkent

29/Октабрь/2020   Сиёсат

Элчи Микола Дорошенко: Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш Украина учун алоҳида аҳамиятга эга


ТОШКEНТ, 29 октябрь. /«Дунё» АА/. Тошкентда Украинанинг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко ўз фаолиятини бошлади. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга «Кўксарой» қароргоҳида ишонч ёрлиғини топширди.

Украина дипломатик ваколатхонаси раҳбари «Дунё» ахборот агентлиги мухбирига эксклюзив интервью берди.

- Элчи жаноблари, суҳбатимиз аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топширганингиз билан қутлашга ижозат бергайсиз. Ўзбекистон раҳбари қабул чоғида сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасида ўзаро алоқалар фаоллашаётганини таъкидлади. Савдо ҳажми ўсиб бормоқда, муҳим иқтисодий ва гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда. Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қайси йўналишларни истиқболли, деб қайд этган бўлардингиз?

— Бугун Украинада Европа билан интеграциялашув ва мамлакат фуқаролари ҳаётини сифат жиҳатдан яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2014 йил Украина ўз тараққиётининг Европа йўналишини белгилаб олди. Бир йил олдин Конституцияга тегишли ўзгартиришлар киритдик. Бироқ Европа йўналишидаги ҳаракатларимиз Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни истисно қилмайди. Украина Европа билан интеграциялашган ҳолда Осиё мамлакатлари билан нафақат анъанавий сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни сақлаб қолишга, балки ўзаро муносабатларнинг янги, баъзан тўлиқ асиметрик шаклларини яратишга интилмоқда.

Осиё йўналишининг истиқболли экани Украина сиёсий ҳамжамиятининг энг юқори поғонасида, мамлакат Президенти В.Зеленский ва ташқи ишлар вазири Д.Кулеба томонидан ҳам чуқур англанишини таъкидламоқчиман. Жорий йил апрель ойида Украина ташқи ишлар вазирлигида «Осиё ҳафталиги» бўлиб ўтди. Унинг натижалари сарҳисоби чоғида вазир Д.Кулеба қуйидагиларни таъкидлади: «Украинанинг Осиёдаги прагматик, барқарор, кўп қиррали дипломатияси мамлакатимизнинг коронавирусдан кейинги дунёда мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган стратегиямизнинг ажралмас қисмидир». Мен ушбу фикрга тўлиқ қўшиламан. Осиё, биринчи навбатда, Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни ривожлантириш Украина ташқи сиёсатининг бугунги босқичида устувор йўналишлардан бири бўлиши керак. “Осиё ҳафталиги” бир неча ой эмас, балки самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида кўп йиллар давом этиши керак.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш Украина учун алоҳида аҳамиятга эга. Сўнгги ўн йилликларда мамлакат тубдан ўзгарди: собиқ иттифоқ республикасидан Марказий Осиёнинг «кичик йўлбарси»га айланди. Демографик ва технологик ютуқларга эришган Ўзбекистон бугун ўз минтақасида иқтисодий ўсишнинг байроқдори ҳисобланади. Халқаро майдондаги тўлақонли иштирокчи,  сармоявий лойиҳаларда ишончли шерик, Буюк ипак йўлида Осиёдан Европа томонга ҳаракатланишдаги маданий марказ – бугунги кунда Ўзбекистонга ташқаридан ана шундай баҳо берилмоқда. Аммо элчи сифатида Ўзбекистон имкониятларини янада кенгроқ кўрмоқдаман: мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни бир неча баравар ошириш истиқболлари мавжуд. Айнан шу истиқболларни украиналикларга тақдим этишни, улардан фойдаланиш имкониятларини очишни, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам беришни истайман.

Ўтган давр мобайнида Украина ҳам ўзгарди. Ўтган асрнинг 90-йилларидан буён узоқ йўл босиб ўтилди. Украина халқи саховатли, самимий ва меҳмондўст миллат бўлиб, сиёсий, иқтисодий, технологик, маданий ва интеллектуал жиҳатдан ўсди. Биз изчиллик, креативлик ва технологик жиҳатдан ривожландик. Айнан ана шу – янги ва замонавий Украина билан сизни таништириш ниятидаман. Ўзбекистон учун Украинани тўлиқ кашф қилиш учун таништириш, дўстлашиш..., бир сўз билан айтганда, барча имкониятларни ишга солишга ҳаракат қиламан.

Афсуски, айрим сабаблар билан маълум бир муддат давомида Украина – Ўзбекистон муносабатларида турғунлик кузатилди. Бугун ана шундай муносабатларга барҳам бериш ва янги шериклик алоқаларига туртки бериш вақти келди. Киев ва Тошкентда ана шундай фикрдаги кўплаб инсонлар борлигидан мамнунман. Агар фаолиятим давомида кўпйиллик ҳамкорлигимиз солномасида янги саҳифа очишга эришсам, ўз миссиямни муваффақиятли бажардим, деб ҳисоблайман.

– Ўзбекистон ва Украинанинг сиёсий соҳадаги муносабатларига қандай баҳо берасиз?

– Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти билан сиёсий алоқалар соҳасида ўзаро тушуниш, ўзаро ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тушунчалари асосида ёндашаман. Бугунги ўзаро муносабатларимизда ана шу жиҳатлар устувор. Элчи сифатида уларни янада чуқурлаштириш, мустаҳкамлаш ва кенгайтиришни хоҳлайман.

Авваломбор, Ўзбекистонда Украина ва унинг атрофида қандай воқеалар рўй бераётгани ҳақида холис ахборот бўлиши керак, деб ўйлайман. Элчи ўз фаолиятини юритаётган давлат сиёсий раҳбариятига уни юборган мамлакатдаги воқеалар тўғрисида маълумот бериши табиий ҳол. Ўз навбатида, украиналиклар замонавий Ўзбекистон қандай нафас олаётгани ва қандай яшаётгани, унинг мақсадлари, режалари, интилишларини билиши ва тушуниши керак. Агар бир-биримиз ҳақимизда энг муҳим нарсалар ва қизиқишларимизни билсак, бир-биримизни яхшироқ англаймиз.

Ўзаро англашув – ўзаро муносабатлар калитидир. Украина ва Ўзбекистон кўплаб йўналишлар, хусусан, халқаро ташкилотлар доирасида қатор соҳа ва ташаббусларда ҳамкорлик қилади. Бу қамров янада кенгайишини истардим. Биргаликлаги самарали ишлар тажрибаси ўзаро ёрдам беришнинг энг юқори шакли бўлган ҳамкорликни келтириб чиқаради. Ўзаро алоқалар қанчалик яқин бўлса, ҳамкорлик соҳалари ва ўзаро ёрдам сабаблари шунча кўп бўлади. Икки томонлама муносабатларимиз ушбу йўналишда ривожланишига умид қиламан.

Ишончим комилки, сиёсий ўзаро алоқаларнинг муҳим таркибий қисмларидан бири - бу парламентлараро ҳамкорликдир. Биз Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг Украина билан ҳамкорлик гуруҳини тузиш тўғрисидаги қарорини мамнуният билан қабул қилдик. Умид қиламанки, яқин келажакда Украина Олий Радасида Ўзбекистон билан дўстлик гуруҳи тузилади ва тўлақонли парламентлараро мулоқот йўлга қўйилади.

— Фаолиятингизда Ўзбекистон билан Украина ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий муносабатларнинг қайси жиҳатлари устувор саналади?

— Ҳозирги кунда давлатларимиз ҳукуматлари томонидан савдо-иқтисодий соҳаларда ишлаб чиқилаётган барча тадбирларни санаб ўтиш қатъиятли муштарийни ҳам чарчатиши мумкин. Шунинг учун оддий одамларнинг кундалик ҳаёти учун амалий аҳамиятга эга бўлган энг муҳимларига тўхталаман.

Украина билан Ўзбекистон ўртасида тўғридан тўғри авиарейсларни очиш мен учун устувор вазифадир. Бу бизнес учун қулай шароит яратиб, меҳнат ва академик ҳаракатчанликни рағбатлантиради, минтақаларнинг туристик салоҳиятини рўёбга чиқариш баробарида, яқин қариндошлар, дўстлар ва оилалар ҳаётини осонлаштиради. Дунё ўзгарди, шу билан бирга, авиакомпаниялар ва саёҳат ҳақидаги қарашлар ҳам ўзгариб бормоқда. Катта ҳажмдаги давлат авиакомпанияларининг ўрнини арзон нархлардаги, барча учун ҳамёнбоп нархлардаги қулай янги авиакомпаниялар эгалламоқда. Украина узоқ вақтдан бери хорижий «лоу-кост»лар учун ўз осмонини очган ва ана шундай авиакомпаниялар ташкил этган.

Украиналиклар учун 30-50 долларга чипта сотиб олиб, дам олиш кунлари Венада кофе ичиш, Барселона кўчаларида сайр қилиш ва ажойиб меъморчилик анъаналаридан баҳраманд бўлиш ёки Исландия кратерларини томоша қилиб келиш одатий ҳолга айланган. Шу билан бирга, европалик сайёҳлар Киев, Львов, Одесса, Харьков ва бошқа шаҳарларга келишади. Одессадаги Аркадия пляжларида чўмилиш, Львов опера театрида опера арияларини тинглаши ёки Киев-Печера лавраси ғорларига тушиши имкониятига эга.

Украинанинг «SKY UP» «лоу-кост» компанияси яқин вақтда нафақат Киевдан Тошкентга, балки Львовдан Самарқандга ҳам доимий рейсларни очишга тайёр. Бунда бориш-келиш чиптаси нархлари тахминан 300 долларни ташкил қилиши кутилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, халқларимизни яқинлаштиришда тўғридан тўғри парвозлардан кўра самарали воситани топиш қийин, наздимда. Шу боис ўзбекистонлик ҳамкасбларимнинг ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлашига умид қиламан.

COVID-19 пандемияси сабаб жорий этилган чекловлар туфайли парвозлар ва логистика билан боғлиқ бу йилги қийинчиликларга қарамай, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми ўсиб бормоқда.

Боиси Украина ва Ўзбекистоннинг кўплаб корхоналари узоқ йиллик, вақт синовидан ўтган алоқаларга эга. Пандемия боис кўплаб кўргазма ва ярмаркаларнинг бекор қилиниши сабаб мамлакатларимиз элчихоналари асосий «юк»ни ўз зиммаларига олди. Дипломатик ваколатхоналар ушбу жараёнда шериклар топиш ва янги истиқболли алоқаларни ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатларни икки бараварга оширди.

Ҳукумат янги шароитда маҳаллий тадбиркорларга ёрдам бериш учун ўз фаолиятини кучайтирган бизнес бирлашмалари билан ҳамнафас бўлмоқда. Жорий йил июль ойида Украина Савдо-саноат палатаси биринчи марта Ўзбекистон Республикасида ишончли шерикларни танлашда ёрдам берадиган ва уларга зарур маслаҳат хизматларини кўрсатадиган вакили – Асқар Солихбоевни тайинлади.

Украина машинасозлик, муҳандислик, дизайн компанияларининг афзаллиги шундаки, уларнинг маҳсулотлари Ўзбекистон бозорида таниқли бўлиб, сифат, нарх, хизмат кўрсатиш ва консалтинг борасида рақобатчиларига нисбатан устунликка эга. Оғир карантин шароитида ҳам Украинадан кўплаб муҳандис, созловчи, монтажчи, дизайнер ва технологлар гуруҳлари Ўзбекистонга етиб келди. Украина фаол ўсиш даврини бошдан кечираётган Ўзбекистон саноати талабини қондира олди.

Томонлар агросаноат мажмуасида ҳам ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш, хусусан, Ўзбекистонга қорамол етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш, замонавий чорвачилик ва паррандачилик мажмуаларини қуришдан манфаатдор. Украина компаниялари ўз ходимлари малакасини оширишни Ўзбекистон ва Украина ҳудудида олиб боради ҳамда ўзбекистонлик фермерларни агробизнесни бошқариш бўйича Украина фермер хўжаликларида амалий кўникмаларга эга бўлишга таклиф қилади. Шунингдек, боғдорчилик, уруғ етиштириш ва агрономия соҳаларида алоқаларни тиклаш бўйича ишларни бошладик.

Сўнгги ойларда Ўзбекистоннинг бир нечта минтақасида бўлишга муваффақ бўлдим. Менинг устувор мақсадларимдан бири минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат ишбилармонлари фаолият юритиши мумкин бўлган жойларни излаш ва топишдир. Масалан, Самарқандга сафаримдан сўнг дунёга машҳур «Global Spirts» холдинг раҳбари Евгений Черняк Ўзбекистонга келди. Олиб борилган музокаралар натижасида бу йил Ўзбекистонга Украинадан йирик сармоялар кириб келади ва янги корхона очилади, деб умид қиламиз.

Украинанинг қатор фармацевтика компаниялари Ўзбекистонда турли ампула кўринишидаги, ҳабдори ва кукунли шаклдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаларини бошлаб юборди. Яқин вақтларда Ўзбекистон халқи шу ерда Украина технологиялари асосида ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон дори-дармонлардан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Аммо, тадбиркорлар тили билан айтганда, бизнес сукунатни яхши кўради, шунинг учун барча режаларни ошкор қилмайман, аксинча уларни амалга ошириш учун ҳаракат қиламан.

- Ўзбекистон билан Украина ўртасида маданий-гуманитар соҳаларда алоқаларни фаоллаштириш бўйича ўз олдингизга қандай вазифаларни қўйдингиз?

- Замонавий дунёда маданият жамият ва давлат ривожланишининг муҳим омили экани ҳақида ҳеч ким баҳслашмаса керак. Зеро, технологияларнинг доимий такомиллашиб бориши, иқтисодий моделларнинг ўзгариши, халқаро муносабатлар эволюциясига қарамасдан маданиятнинг асраб-авайланиши ва ривожлантирилиши глобал дунёда ўзлигимизни сақлаб қолишга имкон беради.

Украина ва Ўзбекистонда кўп асрлик этник маданий мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик анъаналари мавжуд. Маданий меросимизга бўлган ўзаро қизиқиш бор. Шу билан бирга, маданиятларимиз фаол ривожланмоқда, янги бадиий асарлар, расмлар, китоблар, фильмлар яратилмоқда.

Элчихонанинг вазифаси маданий алмашинувни ривожлантириш, украин маданиятининг энг яхши намуналарини Ўзбекистон халқига тақдим этишдир. Биз янги, замонавий Украина маданиятини намойиш қилиб, ёш истеъдодли муаллифларимиз ва ижрочиларимиз билан таништирмоқчимиз.

Яқин келажакда, карантин чекловлари бекор қилингандан сўнг, «Український тиждень»ни Ўзбекистонда ўтказишни режалаштирганмиз. “Тиждень” ўзбек тилига “ҳафталик” деб таржима қилинади. Етти кун давомида украин ошхонаси сирларидан баҳраманд қилиш, украин миллий таомларини тайёрлаш бўйича “маҳорат дарслари” ўтказиш, замонавий украин либослари, мусиқаларини намойиш этиш, халқ ҳунармандчилиги намуналари билан таништириш, расмлар кўргазмаси ўтказишни режалаштирдик. Келгуси йилда «тиждень» пайтида ўзбекистонлик томошабинларига украин киноси билан танишиш имкониятини тақдим этамиз.

Мамлакатларимизнинг таълим-фан соҳаларидаги ҳамкорлиги ўзбек халқида алоҳида қизиқиш уйғотиб келади. Украина университет ва институтлари олий маълумот олиш учун ажойиб имкониятларни тақдим этади. Чет эл фуқаролари Украинага ўқиш учун келишларидан хурсандмиз. 2020 йил бошидаги маълумотга кўра, Украинада 158 мамлакатдан 80 мингдан зиёд чет эллик талаба таҳсил олмоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, Ўзбекистондан ўқиш учун келган талабалар сонини оширишдан манфаатдормиз. Университетларимиз Ўзбекистон меҳнат бозорида талаб юқори бўлган соҳаларда, хусусан, тиббиёт, нефть, газ, кимё саноати, геологик қидирув, ахборот технологиялари бўйича малакали кадрлар тайёрлаш имкониятига эга. Ўқишга келган чет эллик талабалар нафақат зарур мутахассисликни, балки кенг тарқалган чет тилларини ҳам ўзлаштириши мумкин бўлади.

Ўзбекистон фуқаролари учун Украина университетларида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида қўшма факультетлар очиш режалаштирилган. Жорий йил октябрь ойида мамлакатимизнинг етакчи техник университетларидан бири — Львов политехника университети билан Самарқанд давлат университети ўртасида шартнома имзоланди.

Шартномага кўра, ўзбекистонлик талабалар таҳсил учун ахборот технологиялари, геодезия ва менежмент йўналишларини танлашлари мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон талабалари Львов политехника университетида магистратура ва аспирантурада ўқишни давом эттиришлари мумкин. Бунда икки томонлама диплом олиш имконияти кўзда тутилган. Келгусида Самарқанд давлат университети негизида Львов политехника университети  филиалини очиш режалаштирилган.

Албатта, туризм мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши ҳисобланади. Украинада ноёб бальнеологик курортлар мавжуд бўлиб, улар саломатликни тиклаш учун барча имкониятларни тақдим этади. Хусусан, Трускавец, Моршин, Схидница, Свалява дунёга машҳур ва кўплаб Ўзбекистон фуқаролари дам олиб, соғлиғини тиклаган ана шундай курортлардан. Қишки дам олиш ва тоғ чанғиси билан шуғулланишни севувчилар Карпатда жойлашган Буковель курортига сафар қилишлари мумкин. Бу Европа стандартларига жавоб берадиган замонавий курорт мажмуасидир. Мухтасар айтганда, сизни меҳмондўст Украина заминида кутиб қоламиз!

— Элчи жаноблари, қизиқарли ва мазмунли суҳбат ҳамда маълумотлар учун катта раҳмат.

Суҳбатни Маҳмуд Бобоназаров ёзиб олди,

«Дунё» АА.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Ге...

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Германия Федератив Респу...

«Ҳиндистон-Марказий Осиё» мулоқоти ташқи...

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бугун видеоконференция шаклид...

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт солномаси...

«Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавка...

Сўнгги янгиликлар