Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

17/Август/2022   Долзарб

Элчи Улуғбек Мақсудов: Ўзбекистон ва Саудия Арабистони кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан имкониятларга эга

ТОШКЕНТ, 17 август.  /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифи арафасида «Дунё» ахборот агентлиги мухбири Ўзбекистон элчиси ва мамлакатимизнинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили Улуғбек Мақсудов билан Ўзбекистон-Саудия Арабистони ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан суҳбатлашди.


Улуғбек Ҳамиджонович, сўнгги йилларда Ўзбекистон-Саудия муносабатларида фаоллашув кузатилмоқда. Сизнингча, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари нималардан иборат?

– Дарҳақиқат, Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар қисқа давр ичида жадаллашди. Бунга давлатимиз раҳбарининг  Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд билан 2017 йил май ойида Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви ҳамда Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитидаги иштироки давомидаги ўзаро  фикр алмашувлар катта туртки берди.

Подшоҳ Саудия Арабистонининг Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шунингдек, у ўзбек халқига ва Имом Бухорий Ватанига тинчлик ва фаровонлик тилади.

Ўзбекистон-Саудия муносабатлари асосида ўзаро ишонч тамойиллари мавжуд бўлиб, ҳар икки томонга бирдек манфаат келтирадиган ва тенг ҳуқуқли алоқаларни янада ривожлантиришга бўлган интилиш муштаракдир.

Тошкент ва Ар-Риёд мунтазам равишда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказмоқда. Сиёсий маслаҳатлашувларнинг тўртинчи давраси 2021 йил июнь ойида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда видеоконференция алоқаси воситасида бўлиб ўтди. Ҳозир сиёсий маслаҳатлашувларнинг 5-даврасини ўтказиш муддатлари ва мазмуни устида иш олиб борилмоқда.

Қуйидаги далиллар ҳам икки томонлама муносабатларни фаоллашиб бораётганини тасдиқлайди.

2021 йил июль ойида Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Шаҳзода Файсал бин Фарҳан расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Шунингдек, у Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги бўйича халқаро конференцияда ҳам иштирок этди. Ўзбекистон Президенти Саудиялик меҳмонни қабул қилиб, у билан суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбари икки томонлама алоқалар жадал ривожланаётгани – мулоқотлар фаоллашаётгани ва йирик инвестиция лойиҳалари, биринчи навбатда, энергетика соҳасида илгари сурилаётганини мамнуният билан қайд этди. Ўз навбатида, Саудия Арабистони вазири Подшоҳлик Ўзбекистон Президентининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган ўз вақтидаги ва муҳим халқаро ташаббусларини, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга кўрсатилаётган кўмакни юксак қадрлашини ва қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Мамлакатларимиз халқаро ташкилотлар доирасида томонларнинг нуқтаи назарлари ва номзодларини ўзаро қўллаб-қувватламоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги ИҲТ, шунингдек, унинг ихтисослаштирилган ва ёрдамчи муассасалари, хусусан, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO), Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси (COMSTECH), Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом савдони ривожлантириш маркази (ICDT), Ислом тараққиёт банки (IsDB), Ислом мамлакатлари учун статистика, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар ҳамда тренинглар маркази (SESRIC) ва Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти (SMIIC) доирасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини қайд этишни истар эдим.

2021 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон делегацияси Исломободда бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Афғонистон бўйича навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди.

2022 йил 22-23 март кунлари Исломободдаги парламент биносида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 48-сессияси бўлиб ўтди ва унда мамлакатимизнинг юқори даражадаги делегацияси ҳам қатнашди. Сессия чоғида Ўзбекистон ташаббускорлигидаги қатор резолюциялар, хусусан, «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисида», шунингдек, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференцияси тўғрисида»ги таклиф ва ташаббуслари маъқулланди ҳамда қабул қилинди.

Мамлакатимизнинг терроризмга қарши кураш ва экстремизмнинг олдини олиш, қурол назорати ва қуролсизланиш борасидаги глобал ташаббуслари, Афғонистонни қўллаб-қувватлаш бўйича минтақавий ташаббуслари ҳам қўллаб-қувватланди.

Жорий йилнинг июль ойида ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Подшоҳликка ташриф буюрди. Саудия Арабистони парламентида, Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгашида самарали музокара ва учрашувлар бўлиб ўтди.

Делегациямиз Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби билан учрашув ўтказди. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти ўртасидаги муносабатларни Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган конституциявий ислоҳотлар асосида кенгайтириш» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон томони Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида фаол ташаббусларни илгари суришда, унинг ихтисослашган ва ёрдамчи муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этади.

Дипломатик ваколатхоналар – Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонаси ва Ўзбекистоннинг Ар-Риёддаги элчихонаси ҳамда Жиддадаги Бош консулхонаси орқали томонлар ўртасида доимий мулоқот ва алоқалар йўлга қўйилган.

Биз икки томонлама ҳамкорликнинг ўзаро савдо ҳажмини ошириш, сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий, маданий-гуманитар лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, илмий-таълим алмашувлари ва бошқа алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда фаоллаштириш каби устувор йўналишларига жиддий эътибор қаратмоқдамиз.

Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, 2022 йил икки томонлама муносабатларда муҳим йил ҳисобланади. Бундан роппа-роса 30 йил аввал Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилган эди. Ушбу юбилей санаси шарафига Тошкент ва Ар-Риёд икки мамлакат пойтахтлари ва минтақаларида қатор муҳим сиёсий ва маданий тадбирларни ўтказиш ниятида.

- Ўзбекистон иқтисодий дипломатияга катта эътибор бермоқда. Саудия Арабистони билан иқтисодий ҳамкорлик қайси соҳаларда, айниқса, жадал ривожланмоқда?

– Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорлик муваффақиятли ривож топмоқда. Тўғри, кўрсаткичлар жуда камтар, аммо Ўзбекистон коронавирус пандемияси туфайли подшоҳликнинг деярли бир ярим йиллик изоляциясининг салбий оқибатларини жадаллик билан бартараф этмоқда, чунки мазкур мамлакатда барча ҳаво, денгиз ва қуруқлик йўллари ёпилган эди, нафақат халқаро ҳаво қатновлари, балки ички рейслар ҳам тўхтатилганди.

Шу билан бирга, юқоридаги кўрсаткичлар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштириш учун катта имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга. Икки томон ҳам савдо-иқтисодий ва сармоявий фаолиятни кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдордир.

Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда Саудия капитали иштирокидаги корхоналар сони 38 тага етиб, 4,2 баробарга ошди.

Шу ўринда иқтисодий йўналишдаги делегациялар алмашуви фаоллашганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Инвестиция вазири Ҳолид Ал-Фалиҳ бошчилигидаги Саудия Арабистонининг нуфузли делегацияси жорий йил апрель ойида бўлиб ўтган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этди. Делегация ташрифи доирасида Тошкентда Ўзбекистон-Саудия Арабистони ҳукуматлараро комиссиясининг, шунингдек, Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ҳам ўтказилди. Қувонарлиси, бу тадбирлар мунтазамлик моҳиятини касб этди.

Ўзбекистон ҳам, Саудия Арабистони ҳам энергетика, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, электроника, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, биотехнология, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил, кимё ва нефть-кимё саноати, туризм, маданият ва спорт, фан ва таълим, атроф-муҳит муҳофазаси ва экология каби истиқболли соҳаларда янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ишбилармон доираларни бир-бирига яқинлаштириш ва ўзаро амалий ёрдам кўрсатиш учун биргаликда ишлашга тайёр.

Элчихонанинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Саудия Арабистонининг «Acwa Power» компанияси ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилган. Ушбу компания билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва йирик инвестиция лойиҳалари жадал суръатда илгари сурилаётганини қайд этиш лозим. «Acwa Power»нинг Ўзбекистон ҳудудларида энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва «яшил» энергияни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси 2,6 миллиард долларни ташкил этади.

Айни пайтда томонлар икки мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини оширишнинг асосий омили сифатида фан ва техника соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини ўрганмоқда. Тошкент технопарки ва Подшоҳ Абдулазиз номидаги фан ва технологиялар маркази ўртасида уларнинг фаолиятлари билан танишиш мақсадида ушбу муассасалар делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ва ҳамкорликнинг аниқ-равшан йўналишларини аниқлаш йўли билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш хусусида келишув мавжуд.

Саудия тараққиёт жамғармаси томонидан Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилишига муҳим молиявий кўмак тақдим этилмоқда. 

– Ўзбекистон ва Саудия Арабистони чуқур тарихий ва маданий алоқаларга эга. Маданий-гуманитар соҳада икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини қандай кўрасиз?

– Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги шарафига мамлакатларимиз пойтахтлари – Тошкент ва Ар-Риёдда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони маданияти ва санъати ҳафталиклари доирасида қатор тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.

Умуман олганда, сўнгги йилларда маданий-гуманитар алоқалар ижобий суръатни намоён этмоқда ва амалий мазмун билан бойимоқда. Алоқа ва алмашувлар жадаллик билан давом этаётгани боис ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Саудия электрон университети 2020 йил имзоланган Ҳамкорлик шартномаси асосида ўзаро муносабатларни изчил ривожлантирмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Саудия Арабистонининг Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази ўзаро тажриба алмашиш, қўшма илмий-тадқиқот дастурларини ўтказиш ва нодир қўлёзмаларни ўрганиш мақсадида ўзаро ташрифларни ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни муҳокама қилмоқда.

Мадинадаги Ислом университети Ўзбекистон университетлари билан ўзбек талабалари учун таълим грантлари ажратиш, араб тилини ўқитиш учун махсус курслар ташкил этиш, ўқув дастурлари тайёрлаш, ўзбек араб тили ўқитувчилари малакасини ошириш, араб хаттотлиги бўйича гуруҳ тузиш ва махсус курслар ташкил этиш, фиқҳ, ақида, ҳадисшунослик, тафсир ва бошқа соҳаларга оид илмий тадқиқотлар олиб бориш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Тошкент давлат шарқшунослик университети билан Саудия Арабистони Илмий-тадқиқот ва билим алмашиш маркази ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ушбу Марказ университет кутубхонаси учун тарих, фалсафа, адабиёт бўйича кўплаб китоблар, шунингдек, араб тилини ўрганаётган талабалар учун луғатларни тақдим этган.

Шуни таъкидлашни истардимки, 2019 йилда элчихона шайх Самир Нажжор номидаги Хайрия жамғармаси билан алоқа ўрнатган эди. Шу йилнинг октябрь ойида Фарғона вилояти кўп тармоқли шифохонасида 110 та юрак операцияси бепул асосда амалга оширилгани ҳамкорлигимизнинг самараси бўлди. Афсуски, коронавирус пандемияси келажакдаги режаларимиз ва келишувларимизга ўз тузатишларини киритди. Бироқ энди, мамлакатларимизда коронавирус билан боғлиқ вазият нисбатан барқарорлашгани боис, биз ушбу йўналишдаги ҳамкорликни давом эттирамиз.

Саудия Арабистони Ислом динининг бош муқаддас қадамжолари – Маккадаги «Ал-Ҳарам» масжиди ва Мадинадаги Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В.)нинг «Масжид ан-Набавий» масжиди жойлашган ноёб мамлакат, Ислом маркази ҳисобланади. Шу боис Подшоҳлик дунё мусулмонлари, жумладан, Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умра зиёратини амалга ошираётган ўзбеклар ҳаётида жуда муҳим аҳамият касб этади.

Ар-Риёддаги элчихона ва Жиддадаги Бош консулхона Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги билан доимий алоқада. Дипломатик ваколатхоналар зиёратчиларнинг Подшоҳликка келиши ва маросимларни бажариш билан боғлиқ жараёнларни ташкил этишга кўмаклашади.

Бу йил 12 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Ҳаж амалини ва 32 минг нафардан зиёд юртдошимиз – Умра амалларини бажарди.

Дарвоқе, Саудия Арабистони БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилотининг (ЮНВТО) 25-сессиясини 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш қарорини қўллаб-қувватлаган давлатлардан биридир.

2022 йил 27-29 июнь кунлари Бокуда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти туризм вазирларининг 11-анжумани доирасида Саудия Арабистони Хива шаҳрининг 2024 йил “Ислом дунёсининг туризм пойтахти”, деб эълон қилиниши тўғрисидаги резолюцияни ҳам қўллаб-қувватлади.

Хулоса ўрнида сизни ишонтириб айтаманки, биз давлатимиз раҳбари томонидан яқин ва узоқ истиқболга белгиланган вазифаларни амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз.

– Улуғбек Ҳамиджонович, мазмунли суҳбат учун Сизга миннатдорлик билдирамиз ва Саудия Арабистони билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятингизда муваффақиятлар тилаймиз.

– Раҳмат.

Мавзуга оид

Тожикистондан муносабат: Тошкент конфере...

Тожикистондан муносабат: Тошкент конференцияси натижалари Марказий Осиё тараққиётида бурил...

Ҳиндистондан муносабат: Ўзбекистон Прези...

Ҳиндистоннинг «Raisina House» тадқиқот маркази бошқарувчи директори Рахул Банержи «Дунё» ...

«Uzbekistan Airways» авиакомпанияси Рига...

Бугун, COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган бир йилдан ортиқ танаффусдан сўнг, «Uzbeki...

Сўнгги янгиликлар