06/Февраль/2023 Саналар
ТОШКЕНТ, 6 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Туркманистон элчиси Язкули Маммедов «Дунё» АА мухбирига эксклюзив интервью берди.
– Шу кунларда қардош мамлакатларимиз – Туркманистон ва Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонламоқда. Маълумки, туркман ва ўзбек халқларининг илдизлари муштарак бўлиб, асрлар давомида яқин қўшничиликда яшаб, барча амалларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келади.
Мустақиллик йилларида, айниқса, дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан сўнг мамлакатларимиз ўртасида барча жабҳаларда, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланиб, бугунги кунда стратегик хусусият касб этмоқда.
Таъкидлаш керакки, муҳтарам етакчиларимизнинг олий даражадаги мулоқотлари, икки қардош давлат ўртасида ўрнатилган очиқ ва ишончли мулоқот бугунги стратегик шериклик учун мустаҳкам пойдевор бўлаётир.
Мен фақат 2022 йилнинг ўзида муҳтарам Президентларимиз уч марта – Тошкент, Самарқанд ва Ашхободда учрашганларини мамнуният билан қайд этмоқчиман. Товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, транспорт, транзит, энергетика, машинасозлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган турли тадбир ва учрашувларни мунтазам ҳамда фаол ўтказмоқдамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил октябрь ойида Ашхободга буюрган ташрифи чоғида давлат раҳбарларимиз Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Шунингдек, ташриф доирасида «Тошовуз – Хоразм» чегараолди савдо зонасининг қурилиши ишлари бошлаб юборилди, Туркманистон пойтахти марказида «Тошкент» истироҳат боғи очилди.
Сиёсий жабҳада мамлакатларимиз фаол ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, давлатларимиз икки ва кўп томонлама шаклларда бир-бирини муваффақиятли қўллаб-қувватламоқда. Ўрнатилган парламентлараро алоқаларни юксак қадрлаймиз. Икки қардош давлат халқаро ташкилотлар доирасида фаол ҳамкорлик қилиб, деярли барча халқаро масалаларда бир-бири билан ҳамфикр бўлмоқда.
Биз Туркманистон ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари доирасидаги яқин ҳамкорлиги аҳамиятини юқори баҳолаймиз. Бунда етакчиларимиз минтақавий ва глобал миқёсдаги турли масалалар юзасидан фикр алмашмоқдалар.
Шунингдек, мамлакатларимизнинг минтақадаги ҳамкорлари билан «Марказий Осиё+» шакллари доирасидаги яқин алоқалари ва келгусида бу борадаги амалий ёндашувлар муҳимлигини таъкидлаш жоиз.
Минтақавий даражадаги ўзаро ҳамкорлик нуқтаи назаридан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги муносабатларга ҳам эътибор қаратишни истайман.
Ўзбекистон раислигида 2022 йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Туркманистон Халқ маслаҳати раиси, миллий етакчи Гурбангули Бердимуҳамедов бошчилигидаги делегация ҳам кузатувчи сифатида иштирок этганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан энг самимий табрикларимни ҳамда қардош мамлакат ва халқларимизга фаровонлик тилашга ижозат бергайсиз.