28/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
ТЕҲРОН, 28 март. /«Дунё» АА/. Эронлик таҳлилчи, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича эксперт Омид Раҳимий Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларга доир қуйидаги фикр-мулоҳазаларини "Дунё" ахборот агентлиги билан ўртоқлашди:
- Ўзбекистон Конституциясига киритилиши таклиф этилаётган 65 фоиздан ортиқ ўзгартишлар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламининг нақадар катта эканлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида халқнинг фикри ва ҳоҳиш-иродасини инобатга олингани бошланган ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида яна бир муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Янгиланган Конституция нормаларини амалиётга татбиқ этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак, албатта.
Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар конституциялари матнларида сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги асосий идеал тамойиллар ўз ифодасини топган. Бироқ мазкур тамойиллар лозим даражада амалий жиҳатдан ҳаётга тадбиқ этилмаганлиги сабабли тегишли таъсирга эга бўлмаган ёки бўлмайди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистонда Конституция бўйича референдум ўтказилиши билан ислоҳотларнинг давом этиши, айниқса, келажакда унинг қандай амалга оширилишига боғлиқ. Ахир асосий ўзгаришлар фақат қонунларнинг амалдаги самарадорлиги шароитидагина рўй беради.