13/Апрель/2022 Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги
ТЕҲРОН, 13 апрель. /«Дунё» АА/. «Iran Online» ахборот агентлигида «Ўзбекистон – ШҲТ: кўп тармоқли ҳамкорликнинг янги қирралари» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти билан ҳамкорлиги алоҳида аҳамиятга эгалиги қайд этилар экан, бугунги кунда ШҲТ ўз атрофига саккизта доимий аъзо давлатни бирлаштирган дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот эканлиги таъкидланган.
«Эрон Ислом Республикаси тез орада ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланиши кутилмоқда. Бошқача айтганда, ШҲТ стратегик муҳим минтақа бўлган Яқин Шарқ учун ўз эшикларни очади», деб ёзади нашр.
Мақолада айни пайтда Ўзбекистон ушбу нуфузли ташкилотга раислик қилаётгани ҳам маълум қилинган. «Мамлакатнинг раислиги нафақат ташкилот доирасида ўсиш стратегиясини давом эттиришга, балки уни аниқ натижалар берадиган янги ва муҳим жиҳатлар билан бойитишга имкон беради. Ўзбекистоннинг ушбу тузилмадаги иштироки ҳар доим иқтисодий ҳамкорликка устувор эътибори билан ажралиб туради», деб ёзади агентлик.
Бу борадаги тегишли ташаббуслардан бири ШҲТга аъзо давлатлар ва хорижий инвесторлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини берадиган Ўзбекистон–ШҲТ индустриал зонасини ташкил этилгани ҳам қаламга олинган бўлиб жорий йилда режалаштирилган «Иқтисодий форум», «Саноат инновациялари ҳафталиги», «ШҲТ минтақалари кичик ва ўрта бизнес форуми», «Саноат кооперациясини ривожлантириш форуми», «Туризм форуми» ва «ШҲТ минтақалари раҳбарлари форуми» каби тадбирлар ана шу мақсадга хизмат қилиши алоҳида таъкидланган.
Мақолада, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг таклифига биноан ШҲТда Афғонистон бўйича биринчи олий даражадаги учрашув бўлиб ўтиши ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.
«Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигининг асосий натижалари сентябрь ойида бўлиб ўтадиган саммитда сарҳисоб қилинади. У, шубҳасиз, йирик сиёсий ва дипломатик форумга айланади, ташкилотни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида тарихга киради», деб ёзади «Iran Online».