Uz / Ўз Ru En

Toshkent

23/Январь/2020   Сайёҳлик

Европа давлатлари компаниялари Ўзбекистонга саёҳат уюштириш бўйича тақдимотлар ўтказди


АМСТЕРДАМ-ЛЮКСЕМБУРГ, 22 январь. /«Дунё» АА/. Нидерландия ва Люксембургда ўтган сайёҳлик ярмаркаларида Ўзбекистонга саёҳат уюштириш бўйича тақдимотлар ўтказилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Нидерландиянинг Утрехт шаҳрида ва Люксембургдаги «LuxExpo» кўргазмалар марказида ташкил этилган анъанавий кўргазмаларда Нидерландия, Германия ва Бельгия ўндан ортиқ туркомпаниялари айни йўналишда иш олиб борди.

Янги йилнинг бошланиши Европада йирик сайёҳлик ярмаркаларига бой бўлади. Нидерландия ва Люксембургда ўтказилган тадбирларда Ўзбекистоннинг Бенилюкс давлатларидаги дипломатик ваколатхонаси ва маҳаллий сайёҳлик агентликлари томонидан мамлакатимиз туристик салоҳияти намойиш этилди.

Утрехт шаҳрида «Vakantiebeurs - 2020» халқаро сайёҳлик ярмаркасида 90 дан ортиқ мамлакатдан 1 150 га яқин миллий ва халқаро сайёҳлик ташкилоти, авиакомпаниялар вакиллари иштирок этди.

Анжуманда мамлакатимизга саёҳат уюштириш бўйича мезбон давлатнинг «Central Asia Reizen», «Sunita Travel», «VNC Asia Travel», «Fox Verre Reizen», «Djoser», «Dim Sum Reizen», «Koningaap», «Tiara Tours», «Sawadee» каби йирик туристик компаниялари ўз хизматларини тақдим этгани европаликларнинг бой тарих ва нодир маданий мерос объектларига эга юртимизга саёҳат қилиш истагининг ортиб бораётганидан далолат бўлди.

Шунингдек, Люксембургдаги «LuxExpo» кўргазмалар марказида ташкил этилган «Vakanz» анъанавий кўргазмасида ҳам мамлакатимиз туристик имкониятлари иштирокчилар эътиборига тақдим этилди. Тадбир Бельгия ва Германиянинг «Sensations Travel Designer» ва «Ikarus Tours» сайёҳлик фирмалари томонидан уюштирилди.

Тақдимотларда Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши, бой тарихий ва маданий мероси, шунингдек, сайёҳлик имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Иштирокчилар учун турли йўналишларда, жумладан, экологик, зиёрат, тиббиёт, қишки тоғ туризми ва ҳордиқ чиқаришнинг бошқа йўналишлари бўйича таклифлар берилди.

Тадбир доирасида “Дунё” АА мухбири меҳмонлар ва иштирокчиларнинг мамлакатимиз туристик салоҳияти, кўргазмаларда мамлакатимизга оид тақдимотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Николет ГАРРИЦЕН, «Dominicus» нашрининг кадрлар ва реклама бўйича директори (Нидерландия):

– Нашримиз дунё бўйича турли мамлакатлар ҳақида туркум материаллар чоп этиб келади. Бу йил Ўзбекистоннинг саёҳлик салоҳиятига бағишланган янги қўлланмани нашр этишни режалаштирганмиз. Бугун Марказий Осиё минтақасига туристик турлар сезиларли ортган. Буюк ипак йўли маркази бўйлаб сайёҳатлар уюштираётган Европа компаниялари сонининг ортиб бораётгани ҳам шундан далолат. Айни пайтда Ўзбекистон ҳақида қўлланмалар тайёрлашга мутахассисларни жалб қилганмиз. Саъй-ҳаракатларимиз Ўзбекистонга саёҳат қиладиган туристлар сонини оширишга хизмат қилса мамнун бўламиз.

Юлия БЕКИРОВА, “Canaan Travel” сайёҳлик фирмаси департаменти директори (Ўзбекистон):

– Кўргазмада мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини намойиш этдик. Стендларда ҳудудларимиз тарихи, маданий мероси намуналари ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Иштирокчилар орасида Ўзбекистон ҳақида атрофлича маълумотга эга қатнашчилар ҳам, бу ҳақида илк бор эшитаётганлар ҳам бор эди. Ўзбекистонда бўлган сайёҳлар эса ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қатор давлатлар фуқаролари учун виза тартибининг бекор қилингани ва соддалаштирилгани Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар сонини сезиларли оширишга хизмат қилмоқда, юртимиз сайёҳлик брендини кенг тарғиб этишга имкон яратмоқда.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ташаббуси билан «Тикланиш йўл...

Туризм соҳасига етказилган зарарларни бартараф этиш, ушбу соҳани тиклаш масалаларида мамла...

Ҳинд компанияси Самарқанд ва Бухорода ме...

Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича амалг...

Жаҳон туризм ташкилоти сайёҳлик соҳаси в...

Жаҳон савдо ташкилотининг Коммуникация масалалари бўйича директори Макело Риси; “BBC” саёҳ...

Сўнгги янгиликлар