Uz / Ўз Ru En

Toshkent

18/Сентябрь/2020   Жамият

“Европа мобиль ҳафталиги”: ташқи муҳитга зарар етказмаган ҳолда ҳаракатланиш бўйича халқаро давра суҳбати ўтказилди


ТОШКЕНТ, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонда «Европа мобиль ҳафталиги» доирасида илк бор “Тошкент шаҳрида ташқи муҳитга зарар етказмаган ҳолда ҳаракатланиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш истиқболлари: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Транспорт ва Ички ишлар вазирликлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз тегишли вазирлик ва идоралари, шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги тузилмалари вакиллари, Нидерландия, Туркия каби давлатлардан йўл ҳаракати хавфсизлиги, велосипед ҳамжамиятларининг 40 дан ортиқ мутасаддилари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Европа Комиссиясининг Мобиллик ва транспорт бўйича Бош директори ўринбосари Мэтью Болдуин ҳам қатнашди.

Видеоконференция шаклида ўтказилган давра суҳбатида жамоатчилик эътибори йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларига жалб этилиб, Тошкент шаҳрида хавфсиз ҳаракатланиш билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди.

Учрашувда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова ва Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги Муваққат ишлари вакили Юсси Нарви сўзга чиқди.

Тадбирда “Европа мобиль ҳафталиги”ни муваффақиятли ўтказиш, йўл ҳаракати қатнашчилари орасида ўлим ҳолатини камайтиришга эришиш ва транспорт воситаларининг атроф-муҳитга углерод ажратишини нол даражагача камайтириш имкониятлари ўрганилди.

Таъкидлаш жоиз, бугун дунёдаги урбанизация ва саноат тараққиёти мегаполис шаҳарлар ҳавосининг ифлосланишига олиб келмоқда. Хусусан, “AirVisual” маълумотларига кўра, Тошкент шаҳри ҳавоси ифлосланган ҳудудлар рейтингида 16-ўринда қайд этилади. Ҳар йили автотранспорт воситаларидан ўртача 395 минг тонна зарарли моддалар ҳавога кўтарилади.

Шу боис Президентимиз томонидан шаҳар атроф-муҳитини ривожлантиришдаги тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида тизимли ишларни амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди, тегишли ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.

Учрашувда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Д.Раҳимова шаҳарда аҳоли учун ҳаракатланишнинг инновацион ечимларини жорий этиш мақсадида ишлаб чиқилган концепция доирасидаги фаолият ҳақида маълумот берди.

– Бугунги кунда Тошкент ривожланишнинг янги босқичига кўтарилган бўлса-да, транспорт трафиги ортиб бориши, юк транспортлари ҳаракатланишидаги айрим тартибсизликлар, бозорлар инфратузилмасининг бугунги кун ривожланиш кўрсаткичларидан ортда қолиши каби айрим муаммоларга дуч келмоқда, – деди Д.Раҳимова. – Бу аҳолининг хавфсиз ҳаракатланишига, атроф-муҳит ифлосланишига олиб келмоқда. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида шаҳар инновацион концепцияси ишлаб чиқилди.

Қайд этилишича, концепция доирасида Туркия компанияси билан ҳамкорликда шаҳарда транспорт ҳаракатини мувофиқлаштириш, манзилга тез ва хавфсиз етиб бориш кўрсаткичларини кўриб чиқиш, ҳаракатланиш тизимини автоматлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда концепцияга мувофиқ, аҳолини дизел ёқилғисида ҳаракатланувчи транспорт воситаларидан велосипед ва электромобиллардан фойдаланишга рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Европа Иттифоқи грант маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳрининг Алишер Навоий, Шаҳрисабз, Амир Темур, Шароф Рашидов, Ислом Каримов каби марказий кўчаларида 12 километр узунликдаги велосипед йўлаклари қурилмоқда. Бектемир ва Сергели туманларини қамраб олган ҳолда 2022 йилга қадар 656 километр масофадаги пиёдалар ва велосипед йўлакларини яратиш лойиҳалари рўёбга чиқарилади. Шундан жорий йил якунигача 12 йўналишда 173,8 километрлик велосипед йўлакларини қуриб битказиш режалаштирилган.

Мулоқот чоғида атроф-муҳитга углерод ажралишини камайтириш, экологик тоза транспорт воситаларида ҳаракатланиш маданиятини юксалтириш, шу билан бирга, ёшлар ва ота-оналарнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича хабардорлигини ошириш бўйича фикрлар ўрганилди.

Тадбир шўъба мажлисида Европа Иттифоқининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги лойиҳаси директори, Нидерландиянинг “DATS Consulting” компанияси бошқарувчи директори Аднан Раҳмон маъруза қилди.

Унинг қайд этишича, “Дунё аҳолисининг урбанизациялашуви ортиб бормоқда. Шу боис шаҳар инфратузилмаси ва йўл тизими хавфсиз бўлса-да, аҳоли орасидаги ўлим ҳолати айнан шаҳарларда ортиб бормоқда. Йўқотишларнинг олдини олишда транспорт ҳаракатлари, унинг кўрсаткичлари ва содир бўлаётган ўлим ҳолатлари сабаби ҳақидаги маълумотларни ягона таҳлил марказларида жамлаш ва ўрганишлар асосидаги хулосаларни таҳлил қилиш жоиз”.

Аднан Раҳмоннинг фикрича, бу борадаги интилишлар умуммиллий ҳаракат касб этган тақдирдагина ўз самараларини беради. “Европа мобиль ҳафталиги” бунинг учун қулай платформа бўлиб хизмат қилади.

Маълумот ўрнида, “Европа мобиль ҳафталиги” 2002 йилдан буён ўтказиб келинади. Бугунги кунда Туркия шаҳарлари тадбирнинг фаол иштирокчилари ҳисобланади. 2018 йилларда ҳафталикда Туркиянинг иккита шаҳри қатнашган бўлса, бугунги кунда ушбу мамлакатнинг ўзидан 500 дан ортиқ ҳудудлар иштирок этмоқда.

Видеоконференцияда Европа Иттифоқининг Туркиядаги лойиҳалари раҳбари Гўктурк Кара мамлакат тажрибаси билан бўлишди.

“Транспорт тизими ҳаракатини самарали ташкил қилиш учун аввало ушбу органлари ишини тўғри тақсимлаш зарур. Шундагина фаолиятда ривожланишнинг нафақат жорий ҳолати, балки истиқболдаги тенденцияларини ҳам инобатга олиш мумкин бўлади”, деди туркиялик эксперт.

Мулоқот чоғида халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев ёшларнинг ҳаракат хавфсизлиги борасидаги билимларини ошириш, таълим тизимига қамраб олишда ҳудудлардаги хавфсизлик чоралари бўйича Ўзбекистон қонунчилиги тажрибаси, миллий ёндашувлар ҳақида маълумот берди.

– Қонунчиликка кўра, мамлакатимиздаги ҳар бир мактаб ўз микроҳудудига эга, – деди вазир ўринбосари. – Мактаблар ўз ҳудудлари ёшларини қамраб олишни таъминлайди. Бунда мактаб жойлашуви, ҳудуднинг йўл қатнов қисмидаги хавфсизлиги, транспорт ҳаракатланиши тезлигининг чекланганлиги инобатга олинади. Шунингдек, хавфсиз ҳаракатланиш бўйича ўқувчилар билимини ошириш мақсадида жорий йилдан факультатив дарс ва машғулотлар ташкил этилмоқда.

Давра суҳбатида ҳафталик якуни бўйича хулосаларни Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича келгусидаги чора-тадбирларда қўллашга келишиб олинди.

Мавзуга оид

«Ўзтемирйўлйўловчи» акционерлик жамияти ...

Барча йўловчи поездлар қатнови вақтинча бекор қилингани сабабли аввалдан харид қилинган чи...

Сув тошқинидан зарар кўрган аҳолига кўрс...

“Синьхуа” ахборот агентлиги тарқатган ушбу мавзуга оид мақолада “Сардоба” сув омбори тўғон...

Хитойдан Ўзбекистонга коронавирусга қарш...

Ўзбекистонга Хитой Халқ Республикасидан махсус рейс орқали COVID-19 коронавирусига чалинга...

Сўнгги янгиликлар