02/Март/2023 Жамият
ПАРИЖ, 2 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ва Франция ўртасида ҳудудлараро дипломатияни ривожлантириш доирасида Европанинг авиакосмик пойтахти - Тулуза шаҳрида жойлашган Франция Фуқаролик миллий авиацияси институти ҳудудида буюк астроном олим, математик ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек ҳайкали очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тулуза шаҳрида Мирзо Улуғбек ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги делегацияси, Тулуза шаҳри мэрияси, Франция космик тадқиқотлар институти, Фуқаролик миллий авиацияси институти раҳбарияти ва ушбу мамлакатнинг илмий-академик, маданий ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этишди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбаев, буюк аждодимиз меросини тарғиб этиш мақадида бунёд этилган ушбу ёдгорлик Ўзбекистон ва Франция ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 31 йиллиги доирасида ўтказилаётгани рамзий маънога эга эканлигини таъкидлар экан, Мирзо Улуғбекнинг жаҳон тамаддуни ривожланишига қўшган ҳиссаси, хусусан, астрономия соҳасидаги улкан кашфиётлари тўғрисидаги фикрларини ўртоқлашди.
Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Хайдаров Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги икки томонлама муносабатлар маданий-гуманитар ҳамкорликнинг юксак даражаси билан ажралиб туришини таъкидлади.
“Бугун эса ана шундай ўзаро дўстона алоқаларни давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Европанинг астрономия пойтахти бўлмиш Тулуза шаҳрида Мирзо Улуғбек ҳайкали ўрнатилди”, деди у.
Франция Фуқаролик миллий авиацияси институти бош директори Оливье Шансу, ўз навбатида, Мирзо Улуғбек ҳайкали учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди. Унинг айтишича, ушбу ёдгорлик орқали кўплаб франциялик талабалар авиация соҳасида ўта муҳим ҳисобланадиган математика, физика, астрономия каби фанлар ривожида Мирзо Улуғбекнинг муҳим ўрни борлигини билиб олишади.
Таъкидлаш керакки, Мирзо Улуғбек ҳайкалини Тулуза шаҳрида ўрнатиш борасидаги келишув Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасининг 2020 йилда Тулуза шаҳри мэрияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашуви доирасида муҳокама қилинган.
Мирзо Улуғбекнинг мисдан барпо этилган ҳайкали муаллифи - самарқандлик ҳайкалтарош Умирзоқ Шарипов. Ушбу ёдгорликнинг бўйи 240 сантиметрни ташкил этади.
Тадбир якунида француз жамоатчилиги вакиллари ушбу лойиҳа ҳақидаги фикрларини билдирдилар.
Николас Касалис, Франция фукаролик авиацияси миллий мактаби директори ўринбосари:
- Ўзбекистон томонига ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигига буюк мутафаккир, астроном Мирзо Улугбек ҳайкалини Франция Фуқаролик авиацияси миллий мактабига совға қилишгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу ҳайкалнинг аэронавтика пойтахти Тулуза шаҳридаги Фуқаролик авиацияси миллий мактабида ўрнатилиши кенг қамровли Ўзбекистон – Франция ҳамкорлигининг размий белгисидир. Биз бу йўналишда ўзаро ҳамкорлик янада ривожланишидан манфаатдормиз.
Келажакда авиация соҳаси учун ўзбек малакали учувчиларини, етук мутахассисларни тайёрлашга тайёрмиз.
Жилберт Салинас, Окситания Иқтисодий ривожланиш агентлиги президенти:
- Бугунги тадбирда иштирок этганим беҳад мамнунман. Тадбир Ўзбекистонни янада яқиндан танитишга туртки берди. Бундай тадбирларни кўплаб ўтказиб туриш зарур, деб ҳисоблайман.
Мен Ўзбекистонни яқиндан биламан, мамлакатингизга кўп маротаба борганман. Мамлакатингизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлардан хабардорман ва уларни олқишлайман. Биз ўз томонимиздан таълим, иқтисодиёт ва савдо соҳаларини ривожлантириш мақсадида келажакда Ўзбекистонга сафарларни амалга ошириш ниятидамиз. Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз.
Сандра Жофруа, «Toulouse III - Paul Sabatier» университети проректори:
-Бугунги тадбирда буюк астроном, ўзбек олими Мирзо Улугбек хайкалининг очилиши маросимида иштирок этганимдан жуда хурсандман. Бу икки мамлакат ҳамкорлигининг рамзий белгиси бўлиб хизмат қилади. Университетимиз Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, 2022 йил июнь ойида Ўзбекистон Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги университети ва «Toulouse III - Paul Sabatier» университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Келажакда ушбу икки таълим даргоҳи ўртасида талабалар алмашувини йўлга қуйиш ниятидамиз.
Алис Мокаритоло, «Toulouse III - Paul Sabatier» университети масъул ходими:
-Бугун Францияда ўзбек боғи ҳамда буюк астроном Мирзо Улугбек ҳайкалининг очилишини этишиб, жуда хурсанд бўлдик. Бу Ўзбекистон – Франция муносабатларидаги катта воқеа ҳисобланиши баробарида икки томонлама ҳамкорликнинг равнақига салмоқли туртки беради.