Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

11/Сентябрь/2021   Мустақилликка 30 йил

Европанинг маданият пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги тантанали нишонланди


ВЕНА, 11 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси Вена шаҳрида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири. 

Европа маданият пойтахтининг “Palais Ferstel” тарихий саройида Ўзбекистон мустақиллиги куни шарафига байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда Австрия, Венгрия ва Словакия расмий, академик, эксперт-таҳлил, ишбилармон ва кенг жамоатчилик доиралари вакиллари, Вена шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Элчи Абат Файзуллаев ўзбек халқининг мамлакат мустақиллиги йўлидаги кўп йиллик меҳнати ва интилишлари, давлат суверенитетини мустаҳкамлаш босқичлари ва янги Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳақида тўхталди.

Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар алоҳида таъкидланди. Шунингдек, элчи мамлакатимизнинг бутун жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлган тарихий ва замонавий ютуқларини баён этди.

Шунингдек, Европада биринчилардан бўлиб Ўзбекистоннинг давлат суверенитетини тан олган Австрия билан ҳамкорликни тобора мустаҳкамлаш муҳимлиги урғуланди. Сўнгги йилларда кузатилаётган кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш динамикаси, Австрия сиёсий ва ишбилармон доираларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиши ортиб бораётгани қайд этилди.

Австрия Европа ва ташқи ишлар федерал вазирлиги департаменти директори, элчи Енно Дрофенник Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро майдонларда жадал ўсиб бораётган аҳамияти ва ролини алоҳида таъкидлади.

“Ўзбекистоннинг дунёдаги мақомига назар ташлайдиган бўлсак, мамлакат бугун мустақилликнинг фақат 30 йиллигини нишонлаётганига ишониш қийин. Тарих шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон айни пайтда намойиш этаётган натижаларга эришиш учун кўп давлатларга анча вақт талаб қилинган. Бугунги кунда мамлакат жаҳон ҳамжамияти, сайёҳлар ва ишбилармонлар учун диққатга сазовор марказ, шунингдек, Марказий Осиёдаги минтақавий ташаббуслар етакчисига айланди”, - деди Энно Дрофенник.

Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг элчихона томонидан ташкил этилган мусиқий дастур кечага байрамона муҳит ва миллий маданият руҳини бахш этди.

Байрамга таклиф қилинган Ўзбекистон санъат ва маданият арбоблари – “Истиқлол” миллий ансамбли ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов ва Шерзод Эргашев оқшом меҳмонларига ўзига хос ва унутилмас концерт дастурини ҳавола этди.

Ўзбек мусиқачиларининг мукаммал ижроси ва маҳорати шарофати билан концерт иштирокчилари ўзбек халқи қалбида туғилган, узоқ асрларга бориб тақалувчи чуқур илдизларга ва бой тарихга эга бўлган куй-қўшиқлар билан танишиш имконига эга бўлди.

“Истиқлол” ансамбли артистлари танбур, тор, рубоб, дутор, доира, сурнай ва чилдирма каби миллий мусиқа асбобларида машҳур ўзбек мусиқаларини ижро этди.

Ўз навбатида, бетакрор ўзбек мусиқалари ранг-баранг ва ўта таъсирчан миллий рақслар билан уйғунлашиб, ўзбек халқи маданиятининг барча гўзаллигини ўзида мужассам этди. Эътиборли европалик томошабинлар ўзбек миллий рақсининг мураккаб, аммо шу билан бирга майин ифодали ва мафтункор қўл ҳаракатларини кўриш имконига эга бўлди.

«KultEuriasia – Евроосиё маданиятлари мулоқоти” асосчиси ва директори Даниела Либервирт ушбу тантанали кеча Австрия пойтахти маданий ҳаётида ҳайратга солган муҳим воқеалардан бири бўлганини таъкидлади.

“Жамғармамиз Ўзбекистон билан ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида самарали  ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбек маданияти арбоблари билан биргаликда Венада қатор тадбирлар ўтказдик, 2019 йилда эса тарихда илк бор Австрия пойтахтида Ўзбек маданияти кунларини ташкил этдик. Ишончим комилки, бугунги тадбир Австрия жамиятига ўзбек санъатининг беқиёс гўзаллиги ва республиканинг ёш истеъдодларини намойиш этди. Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатингизга ва бутун ўзбек халқига бахт-саодат, барча ишларида улкан муваффақиятлар тилайман”, - деди Даниела Либервирт.

Австриянинг «Hilfswerk International» халқаро жамғармаси минтақавий директори Стоянка Манолчева ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

«Биз 2016 йилда Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик ўрнатдик ва қатор қўшма ва минтақавий лойиҳаларни амалга оширдик. Дарҳақиқат, Ўзбекистон – кенг салоҳият ва имкониятлар мамлакати. Биз қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт бозорларини топишга кўмаклашиш ниятидамиз.

Бугунги тадбир Австрия жамоатчилигини Ўзбекистоннинг серқирра маданияти, тарихи ва имкониятларига бўлган қизиқишини сезиларли даражада оширди. Мен дўст Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан самимий қутлаб, уларга барча эзгу тилакларимни изҳор этаман ҳамда янги ва янги зафарлар тилаб қоламан», - деди у.

Республикамиз тарихидаги энг муҳим санани нишонлаш ўзбек ошхонасининг дурдоналарисиз тўлиқ бўлмаслиги шубҳасиз. Шу боис, ўзбекистонлик моҳир ошпазлар томонидан тайёрланган машҳур ўзбек палови ҳамда бошқа мазали миллий таомлар кечага ташриф буюрган меҳмонларга манзур бўлди.

Тарихий Вена халқимизнинг миллий байрами – Ўзбекистоннинг Мустақиллик кунини шу тариқа бетакрор муҳитда нишонлади.

Мавзуга оид

Жанубий Кореядаги ватандошларга “Ўзбекис...

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан кўплаб фуқароларимиз Президент Шав...

Элчи Николай Дорошенко: Янги Ўзбекистон ...

Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко «Дунё АА мухбирига берган интервьюсид...

Мисрдан муносабат: Ўзбекистонда амалга о...

Миср парламенти Вакиллар палатасининг Ижтимоий бирдамлик қўмитаси раиси, Ўзбекистоннинг М...

Сўнгги янгиликлар