04/Май/2023 Ҳамкорлик
ТОШКЕНТ, 4 май. /«Дунё» АА/. Амалий ташриф билан мамлактаимизда бўлиб турган Жанубий Кореянинг Пёнтек шаҳри мэри Жонг Чанг Сон бошчилигидаги расмийлар ва тадбиркорлардан иборат делегация Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Икки ҳудуд раҳбарлари ва расмийлари иштирокида ўтказилган учрашувда Фарғона вилояти ва Пёнтек шаҳри ўртасида ҳудудлараро амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий, маданий, туризм ва кўплаб соҳаларда кенг кўламли алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда дунёдаги электротехника ва мехатроника маҳсулотлари, хусусан ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш марказларидан бири бўлган, йирик саноат шаҳри Пёнтекнинг хорижий инвестицияларни жалб қилишдаги тажрибасини ўрганиш ва тадбиқ этиш, кореялик инвесторлар билан ҳамкорликда вилоятимиз ҳудудида юқори қийматли саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратиш, «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси ва Пёнтекдаги «Кёнги» ЭИЗ ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, Фарғона қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини экспортини кенгайтириш каби масалаларда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Мулоқот чоғида қайд этилганидек, Жанубий Корея ҳозирги кунда Фарғона вилоятига инвестициялар йўналтириш ҳажми бўйича 4-ўринда бўлиб, 2022 йил давомида вилоятимиз иқтисодиётига жалб этилган 957,4 миллион доллар ҳажмидаги хорижий сармоянинг қарийб 79 миллион доллари Корея ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилда Корея Республикаси инвестицияси ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати ҳозирги кунда 90 миллион долларни ошди. Вилоятда фаолият олиб бораётган Жанубий Корея сармояси иштирокидаги корхоналар сони 46 тани ташкил этмоқда.
Учрашувда туризм ва маданият соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш, ўзаро маданий тадбирларни йўлга қўйиш, касбий таълим йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали Пёнтекдаги йирик саноат корхоналарида фарғоналик малакали мутахассисларнинг меҳнат фаолияти олиб боришларини ташкил этиш каби масалаларда ҳам келишувларга эришилди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Фарғона ва Пёнтек ўртасида биродарлашган ҳудудлар келишувини имзолаш борасида иш ташкил этиш белгилаб олинди.
Учрашув якунида Фарғона вилояти Савдо-Саноат Палатаси ҳамда Пёнтек шаҳри Саноат ва Тижорат палатаси ўртасида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Англашув меморандуми имзоланди.