Uz / Ўз Ru En

Toshkent

04/Март/2021   Иқтисодий дипломатия

Фарғона вилоятида Жанубий Кореянинг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди


СEУЛ, 4 март. /«Дунё» АА/. Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Муҳсинхўжа Абдураҳмонов, Қўқон шаҳри ҳокими Маъруф Усмонов ва Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ҳузуридаги Жанубий Корея - Ўзбекистон ишбилармонлар ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган онлайн-тадбирда «Hanstar» корпорацияси президенти Жунг Ёнг Бонг, «Group Eight» компаниясининг ижрочи вице-президенти Ю Жун Хо, Ассоциациянинг Фарғона вилояти бўйича ваколатхонаси раҳбари Юн Жун Сок, «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси маъмурияти раҳбари Фаррух Раҳмонов ва бошқалар иштирок этди.

Унинг иштирокчилари қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёни, хусусан, Қўқон шаҳри ҳудудида замонавий кўп қаватли турар-жой мажмуаларини қуриш, «LYA Cosmetics» компанияси билан биргаликда табиий косметика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, Қўқон ЭИЗ ҳудудида «Hanstar» корпорацияси билан коронавирусдан ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини кўриб чиқди.

Ўзбекистон вакиллари жорий йил февраль ойида «Hanshin Engineering & Construction» компанияси ижрочи директори Чой Мун Гю бошчилигидаги делегациянинг Қўқонга ташрифи натижаларини юқори баҳолади. Таъкидланишича, Ўзбекистонга ташриф чоғида томонлар Қўқон шаҳри ҳудудида кўп хонадонли турар-жой мажмуаларини қуриш бўйича биргаликдаги ишларни тезлаштиришга келишди. Шунингдек, «Қўқон» ЭИЗ ҳудудида лойиҳани амалга ошириш учун тегишли ҳужжатлар тайёрлашни тезлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Ким Чанг Кин Фарғона вилояти ва Қўқон шаҳри раҳбариятига миннатдорлик билдириб, Жанубий Корея компанияларининг муҳокама қилинган лойиҳаларни амалга ошириш учун барча ресурсларни сафарбар қилишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, «Hanshin Engineering & Construction» компанияси томонидан лойиҳалашдан олдинги ҳужжатларни тайёрлаш жараёни якунланаётгани қайд этилди. Шунингдек, Ассоцияциянинг  Фарғона вилоятидаги ваколатхонаси Жанубий Корея компанияларига Ўзбекистон ва қўшни давлатлар бозорини ўрганиш жараёнида зарур ёрдам кўрсатиши маълум қилинди.

Жанубий Корея - Ўзбекистон ишбилармонлар ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари 12-29 март кунлари Ўзбекистонга ташриф буюриш ва икки томонлама барча масалаларни батафсил муҳокама қилиш учун Фарғона вилояти ва Қўқон шаҳри раҳбарияти билан учрашишни режалаштираётганини маълум қилди.

Музокараларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, Жанубий Корея делегациясининг Фарғона вилоятига ташрифига тайёргарлик кўриш бўйича қўшма чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олинди.

Мавзуга оид

Украинанинг Харьков вилояти Ўзбекистон б...

Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси ташаббуси билан Харьков вилояти...

Ўзбекистон ва Жанубий Корея эркин савдо ...

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчиси Виталий Фен Корея Республикаси савдо, саноат ...

Жанубий Корея ишбилармонлари делегацияси...

Бугун Корея – Ўзбекистон бизнес марказида мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихона...

Сўнгги янгиликлар