07/Февраль/2021 Ўсиш нуқтаси
ТОШКЕНТ, 7 февраль. /«Дунё» АА/. Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардо Умурзоқов Фарғона вилояти ёшлар вакиллари – “Лойиҳалар фабрикаси” ходимлари билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Вазирлик матбуот хизмати маълум қилишича, учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтди – иштирокчилар “Фабрика”нинг бугунги фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашдилар, мавжуд муаммоларни муҳокама қилдилар ва уларни ҳал этишнинг энг самарали механизмларини баён этдилар. Ёш мутахассислар тадбиркорлар билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари ва эришилган натижалари ҳақида сўзлаб бердилар, шунингдек, ўзлари ишлаб чиққан бир қатор инвестиция лойиҳаларини тақдим этди.
Суҳбат чоғида “Фабрика” мутахассисларининг тадбиркорлар, вилоят, туман ва шаҳар миқёсидаги маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда тижорат банклари билан ўзаро ҳамкорлигининг барқарор тизимини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди. Бу эса инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига кўрсатилаётган амалий кўмак сифати ҳамда самарадорлигини таъминлайди, ва умуман олганда, вилоятда инвестиция фаоллигига ижобий таъсир кўрсатади.
Йиғилишда иштирок этган бир қатор тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига “Лойиҳа фабрикаси” фаолиятини ҳар томонлама кучайтириш, у кўрсатаётган хизматлар билан қамраб олинган вилоят тадбиркорларининг доирасини кенгайтириш, шунингдек, ходимлар малакасини, шу жумладан, чет элда амалий машғулотларини ташкил этиш орқали ошириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.