11/Сентябрь/2022 Ҳамкорлик
РИГА, 11 сентябрь. /«Дунё» АА/. Финляндия Ўзбекистонда қонун устуворлиги соҳасидаги лойиҳани амалга ошириш учун 1,5 миллион евро ажратди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонасидан маълум қилишларича, лойиҳа БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилади ва 3 йилга мўлжалланган. Тегишли ҳужжат Финляндиянинг Ўзбекистондаги элчиси Илкка Райсанен ва БМТТД вакили Матильда Димовска томонидан имзоланди.
Лойиҳа эркин ҳуқуқий ёрдамни кенгайтириш орқали кам таъминланган фуқаролар учун одил судловдан фойдаланиш имкониятини оширишга, Омбудсман идорасининг заиф гуруҳларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича марказий ва минтақавий салоҳиятини мустаҳкамлашга, фуқаролик жамиятининг адолат ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш имкониятларини кучайтиришга қаратилган.
Лойиҳага эксперт ёрдами мамлакатнинг собиқ адлия вазири Туйя Бракс бошчилигидаги Хельсинки университети қошидаги Қонун устуворлиги маркази томонидан кўрсатилади. Марказнинг бир гуруҳ экспертлари жорий йил 23-25 август кунлари мамлакатимизда бўлди.
Қайд этиш жоизки, қонун устуворлиги Финляндия Ташқи ишлар вазирлигининг 2024 йилгача Марказий Осиё бўйича мамлакат стратегиясида белгиланган ҳамкорликнинг учта асосий йўналишларидан бири бўлиб, барқарор иқтисодий ривожланиш ва табиий ресурсларни бошқаришни такомиллаштириш ҳисобланади. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга стратегия доирасидаги ёрдамнинг умумий миқдори 25 миллион еврони ташкил этади.