15/Июнь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 15 июнь. /“Дунё” АА/. Кеча Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Нодир Ғаниевнинг Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё департаменти бош директори Мария Лиивала ҳамда ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси (қароргоҳи Хельсинкида) Илкка Ряйсянен билан видеоконференция алоқаси воситасидаги учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон билан Финляндия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, янги долзарб ва амалий аҳамиятга молик ҳужжатлар орқали ҳуқуқий базани кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар жорий йил 27 май куни Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон – Финляндия сиёсий маслаҳатлашувларининг ўнинчи раунди якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашди.