07/Февраль/2023 Таълим
ПАРИЖ, 7 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Париждаги элчихонаси томонидан «Toulouse III - Paul Sabatier» Тулуза университети билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги туб ислоҳотлар ва демократик ўзгаришларга бағишланган видеомулоқот шаклидаги тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тулуза университети илмий ва академик ҳамжамияти вакиллари ҳамда талабалари иштирок этган анжуманда Ўзбекистонда ўтказилаётган конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилингани ҳамда 2022-2026-йилларда Янги Ўзбекистонни ривожланиш стратегияси тўғрисида ҳам сўзлаб берилди. Мамлакатимиздаги маъмурий ислоҳотлар, ОАВ эркинлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий аҳволини юксалтириш, қашшоқликни қисқартириш, иқтисодий ислоҳотлар, жамладан, яшил иқтисодиётни ривожлантириш мавзуларига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Тулуза университети профессори Сандра Жоффруа Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ҳаётга тадбиқ этилаётган ўзгаришларга тўхталиб, мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги янгиланишлар жараёнига юқори баҳо берди.
«Ўзбекистон институционал ислоҳотларнинг муҳим босқичига қадам қўйди. Конституциявий ислоҳот мамлакатни узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясининг ишончли асоси, республикада амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг ҳуқуқий пойдевори бўлади», деди у.
Профессор Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигининг бугунги ҳолатини ижобий баҳолаб, ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш тарафдори эканини қайд этди. 2022 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги университети ва «Toulouse III - Paul Sabatier» университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланганини таъкидлаб, ўзбек олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини маълум қилди.
«Университет магистрлик курслари раҳбари сифатида Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликни давом эттиришга ва келгусида яна кўплаб ана шундай тадбирларни ўтказишга тайёр эканимизни билдираман», деди Сандра Жоффруа.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ҳақида намойиш этилган фильм иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.