Uz / Ўз Ru En

Toshkent

20/Сентябрь/2020   Илм-фан

Германия билан илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича конференция ташкил қилинди


ТОШКЕНТ, 20 сентябрь. /“Дунё” АА/. Инновацион ривожланиш вазирлигида Германия билан илмий ҳамкорликка бағишланган «Германиянинг инновацион тажрибаси: Олмон илмий ташкилотлари» мавзусида халқаро конференция ташкил қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Инновацион ривожланиш вазирлиги манбасига асосланиб.

Конференцияни инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев ва вазир маслаҳатчиси Карстен Хайнц очиб берди. Илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, молиялаштириш, Германиянинг грант тизими тажрибасини ўрганиш Ўзбекистон академик жамоалари учун муҳим эканини инобатга олган ҳолда конференцияга олий таълим муассасалари проректор ва илмий тадқиқот муассасалари раҳбарлари таклиф этилди.

Тадбирда Александр фон Гумболтд жамғармаси эксперти профессор Клаус Мандерлар, Олмон илмий-тадқиқот жамияти ходими профессор Ёерн Ахтерберг ва Академик алмашинув бўйича Германия хизмати лектори Симон Кречмер маъруза билан иштирок этди.

Конференция аввалида Карстен Хайнц Германияда илмий тадқиқотларни молиялаштириш тизими ҳақида гапириб берди. Бунда Германияда илмий тадқиқот марказлари давлат буюртмасига асосан эмас, балки ўзлари долзарб деб топган мавзуларда тадқиқот олиб боришларига алоҳида урғу берди. Ўз навбатида, тадқиқотларга сарфланадиган харажатларнинг тахминан 58 фоизи Федерал бюджетдан қопланса, қолган 42 фоизи ҳудудий бюджет харажатлари ҳисобидан амалга оширилиши қайд этилди.

Германия дунёда илм-фан ўчоғи деб тан олинган. У ердаги илм-фанга бўлган ҳурмат, бағрикенглик муҳити ва демократия замонавий билим ва ёндашувга эга олимларнинг янги авлодини тайёрлашга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, тадқиқотчиларнинг ишлаши, яшаши ва дам олиши учун яратилган шароит, тенглик ва меҳмондўстлик илмий ишлар самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатяпти.

Профессор Клаус Мандерлар ўзи фаолият юритаётган жамғарма ҳақида сўз юритаркан, ташқи маданий-таълим доирасида хорижлик олимларни қўллаб-қувватлаш сиёсати юзасидан фикр билдирди. Жамғарма лойиҳаларни эмас, балки инсонлар, улар иқтидорини биринчи ўринга қўйишини айтиб ўтди. Илм-фанни ривожлантиришнинг учта молиявий таянчидан: тадқиқотлар учун стипендия бериш, тадқиқотларни мукофотлаш ва олий таълим муассасалари битирувчиларини молиялаштириш фойдаланилади.

Таъкидланганидек, илм-фан ҳамкорлиги иқлим исиши, биологик турларнинг йўқолиб кетиши, қочоқлар ва мигрантлар, камбағаллик ва эпидемия каби муаммоларга биргаликда ечим топишни таъминлаши керак.

Тадбир иштирокчилари илм-фандаги халқаро ҳамкорлик дунёда мавжуд тенгсизликка барҳам бериши, низоларнинг олдини олиб, инқироздан чиқишга кўмаклашишини айтишди.

Германия университетлари ҳам турли мамлакатлар билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Германия Таълим ва тадқиқотлар федерал вазирлиги ҳамкорликда Ўзбекистон – Германия халқаро илмий лойиҳалар танловини эълон қилгани ҳам фикримизга мисол.

Тадбирда  қайд этилганидек, икки мамлакат ўртасида илмий ҳамкорлик давом этади. Хусусан, жорий йил октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида Германиянинг стартапларни илгари суриш бўйича тажрибаси, олмон университетларининг автономияси, технология ва инновациялар марказлари ҳақида онлайн тадбирлар ўтказилади.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги

Мавзуга оид

Анголалик ёшлар Ўзбекистон олий ўқув юрт...

Анголалик ёшлар Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олишлари мумкин....

ТДПУда халқаро онлайн-конференция ўткази...

ТДПУда халқаро онлайн-конференция ўтказилди.

Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ўрта...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сур...

Сўнгги янгиликлар