28/Январь/2023 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
БЕРЛИН, 28 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Германия Бундестагида (парламент) мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни ҳамда Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Бундестагнинг «Германия – Марказий Осиё» парламент гуруҳи раиси Ойген Шмидт бошчилигидаги депутатлар, «Германия – Ўзбекистон» дўстлик жамияти ва «Германия – Евроосиё» иқтисодий уюшмаси вакиллари иштирок этди.
Ойген Шмидт давра суҳбатини очар экан, Ўзбекистонда парламентаризмни ривожлантириш масалалари бўйича фикр ва тажриба алмашиш Бундестагда катта қизиқишга эгалигини таъкидлади. «Биз ҳозир Ўзбекистон элчихонаси билан биргаликда Олий Мажлиснинг хотин-қиз аъзоларидан иборат делегациянинг Германияга ташрифини ташкил этиш бўйича тегишли ишлар олиб бораяпмиз. Бундай учрашувлар ўзаро тушунишга, ишончни мустаҳкамлашга ва тажриба алмашишга хизмат қилади ҳамда самарали ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратади», деди у.
Анжуман қатнашчилари эътиборига Ўзбекистондаги сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва банк-молия соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар, бизнес юритиш учун яратилаётган қулай шароитлар ҳақида маълумот тақдим этилди. Ўзбекистонлик шериклар билан тўғридан-тўғри алоқалар ва ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигига эътибор қаратилди. Германия ишбилармон доира вакилларини Ўзбекистонга амалий сафарларини ташкил этиш орқали мамлакатимизда рўй бераётган туб ўзгаришларни хорижий ҳамкорларга таништириш зарурлиги таъкидланди.
«Германия – Евроосиё» иқтисодий уюшмаси раиси Томас Овербек Ўзбекистон уюшманинг Евроосиё ҳудудидаги фаолиятида муҳим ўрин тутишини ва республика билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
«Бой юксак иқтисодий салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи мамлакат ҳисобланади, - деди у. - Шу сабабдан биз мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг ўзига хос «катализатори» сифатида фаолият юритишни режалаштирганмиз. Ушбу мақсадда ҳозирда уюшмага аъзо компаниялар вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга сафари тайёрланмоқда».
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Германия парламенти аъзолари ва ишбилармон доиралари вакиллари ўзбек дипломатларидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олди.
Анико Мертен, Бундестагнинг «Германия – Марказий Осиё» парламент гуруҳи раиси ўринбосари:
- Мен ҳар сафар Марказий Осиё ҳақида ўйлаганимда биринчи бўлиб қадимий тарих ва бой маданий меросга эга Ўзбекистон кўз олдимга келади.
Ўзбекистоннинг минтақадаги ўрни ва геосиёсий аҳамиятини инобатга олган ҳолда ҳамкорликнинг ривожланиши ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши шубҳасиз. «Германия – Марказий Осиё» парламент гуруҳи барча йўналишлардаги алоқаларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиб келмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида мунтазам ривожланиб бораётган алоқаларда иқтисодий ҳамкорлик тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда.
Хусусан, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ва малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик истиқболли йўналишлардан саналади. Германияда таълим ва касб-ҳунар таълими соҳасида катта тажриба мавжуд ва у Ўзбекистонда самарали жорий этилиши мумкин.