Uz / Ўз Ru En

Toshkent

24/Июнь/2020   Буюк ғалабага 75 йил

Германия матбуоти Президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвага амалий ташрифи ҳақида


ФРАНКФУРТ-МАЙН, 24 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу кунларда амалий ташриф билан Россия Федерациясида бўлиб турибди. Ушбу ташриф кўпгина миллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари қаторида Германия матбуотида ҳам кунинг муҳим хабари сифатида ёритиб келинмоқда. Жумладан, “Berliner Telegraph” журнали "Бизнинг умумий тарихимиз, умумий ғалабамиз" сарлавҳаси остидаги махсус материални ўз веб-сайтига жойлаштирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола давлатимиз раҳбарининг Россия Федерациясига жорий ташрифи ва Президент Владимир Путин билан учрашувига бағишланган.

"Кечқурун Шавкат Мирзиёев Кремлда Владимир Путин билан учрашди. У ерда давлат раҳбарлари стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар", дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, Россия Президенти давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тантаналарда иштирок этишга розилик бергани учун миннатдорлик билдирди.

"Бу бизнинг алоҳида иттифоқчилик муносабатларимизни ўзида акс эттирадиган ёрқин белгидир", деб таъкидлади Россия Федерацияси Президенти мустақил Ўзбекистоннинг Қуролли Кучлари вакилларининг Қизил майдонда ўтказиладиган параддаги тарихий иштироки ҳақида фикр билдириб", дея В.Путин сўзларидан иқтибос келтирилади немис журналида.

Мақолада, шунингдек, Россия Президенти Ўзбекистоннинг тарихий Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси, ўзбек халқининг эвакуация қилинганларга кўрсатган сахийлиги, фронт ортидаги жасоратини алоҳида қайд этгани айтилади.

Материалда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Тошкентда очилган Ғалаба боғи ҳақида маълумот келтирилади. Ғалаба боғидаги мемориал мажмуа фондини бойитиш учун Россия томонидан архив материаллари тақдим қилиниши айтилади.

Шу билан бирга, “Berliner Telegraph” журналида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг сўнгги йилларда жадал ривожланаётганига эътибор қаратилади.

“Жаҳон инқирозининг салбий таъсирига қарамай, икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ барқарор ўсмоқда. Хусусан, ўтган йили ўзаро савдо айланмаси ҳажми 6,6 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг дастлабки ойларида ўзаро савдо ҳажми қарийб 2 миллиард долларни ташкил этди. Икки мамлакатнинг етакчи компаниялари ҳамкорликни янада ривожлантирмоқда. Умумий қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган 2 мингта қўшма корхона ва янги инвестиция лойиҳалари Ўзбекистон иқтисодиётининг барча асосий тармоқларини қамраб олган. Умуман олганда, мамлакат иқтисодиётига киритилган Россия сармояси 10 миллиард доллардан ортди”, дейди муаллиф.

Бундан ташқари, Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигининг яна бир устувор йўналиши – интенсив илмий ва таълим алмашинувидир. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда етакчи Россия университетларининг 7 та филиали очилди. Кейинги қадам Россиянинг яна 4 университети филиалларини очишдир”, дейилади нашрда келтирилган мақолада.

Мақоланинг охирида қайд этилишича, келгусида томонлар янги иқтисодий дастурлар ва янги инвестиция лойиҳалари, шунингдек, МДҲ ва ШҲТнинг навбатдаги саммитларига тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишда давом этади.

Мавзуга оид

Ўзбекистонлик ҳарбийлар Москвадаги ғалаб...

21 июнь куни Москва шаҳридаги Қизил майдонда тайёргарликнинг якуний босқичи бўлиб ўтди. Ун...

Иккинчи жаҳон урушидаги ўзбек аскарлари ...

Иккинчи жаҳон уруши пайтида олинган 100 фотосурат лойиҳаси натижалари эълон қилинди. Мазку...

Дада, Ғалаба куни ҳақида айтиб беринг!...

9 май – Хотира ва қадрлаш куни, фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги арафа...

Сўнгги янгиликлар