Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

09/Май/2022   Саналар

Германияда дафн этилган ўзбек аскарлари хотирасини абадийлаштириш давом этмоқда

БЕРЛИН, 9 май. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизда ҳар йили 9 май –  Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш орқали Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган ватандошларимизга эътибор ва эҳтиром кўрсатиш юртимизда том маънода миллий анъанага айланган, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Маълумки, 1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этган. Уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланган. Ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлди. 158 мингдан ортиқ киши бедарак йўқолди.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги бор ҳақиқатни аниқлаш ва халқимизга етказиш, аждодлар хотирасини абадийлаштириш бўйича кўплаб ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси ҳам фашизмга қарши жангларда мардлик кўрсатиб, юрт озодлиги учун қурбон бўлган ватандошларимиз қабрларини топиш, хотираларини абадийлаштириш борасида германиялик бир қатор ҳамкорлар, олимлар ва тадқиқотчилар билан биргаликда ибратли ишларни амалга оширмоқда.

Жумладан, Германиянинг Саксенхаузен, Нудов, Людвигсхафен, Шенкенхорст, Тельтов, Вюнздорф, Гросс-берен, Метендорф ва Штукенброк шаҳарлари музей ва архив ташкилотлари билан биргаликда олиб борилган изланишлар натижасида 1941-1945 йилларда бу ҳудудларда жойлашган ҳарбий лагерларга келтирилган ватандошларимизга оид ҳужжатлар ўрганиб чиқилиб, ҳарбийлар қабристонига дафн этилган ўзбек аскарлари ҳақида қимматли маълумотлар тўплашга муваффақ бўлинди.

Шимолий Рейн-Вестфалия федерал еридаги Штукенброк шаҳарчасида 1941 йил 23 апрелда барпо этилган «Шталаг 326» (Stalag 326 VI K Senne) ҳарбий лагери Германиядаги уруш вақтида ташкил этилган 18 та ҳарбий лагерларнинг бири бўлган.

Дастлабки тўпланган маълумотларга кўра, 1941-1945 йилларда ушбу лагерга келтирилган 65 000 ҳарбий асир орасида 360 нафар ўзбек аскарлари бўлганлиги ва улардан 35 нафари «Штукенброк» ҳарбийлар қабристонига умумий ҳолда дафн этилгани аниқланган эди. 2018-2019 йиллар элчихонанинг ташаббуси билан «Шталаг 326» архиви  материалларини ўрганиш натижасида яна 20 нафар ватандошимиз мазкур қабристонда «мангу ором» топгани аниқланди. Сўнги изланишлар натижасида 130 та ўзбек ҳарбий асирларига оид сақланиб қолган аксарият ҳужжатлар, ватандошларимизнинг расмлари, уларнинг шахсига оид маълумотлар қайта тикланди. Рўйхатларга назар ташласак: Сафаров Нурали 1912 йилда Бухоро вилоятида туғилган,1943 йил 5 мартда вафот этган, Рузметов Абдураҳмон  1918 йил Тошкент вилоятида туғилган, 1944 йил 9 июлда вафот этган, Исаев Муса 1921 йил Самарқандда туғилган, 1943 йил 2 июнда вафот этган, Мирзааҳмедов Анорбой 1915 йил Тошкентда туғилган  1944 йил 25 июлда вафот этган, Камолов Сафар 1902 йил Бухорода туғилган  1945 йил 13 январда вафот этган. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

2020 йилда элчихонамиз томонидан бу ерда дафн қилинган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида ёдгорлик тоши ўрнатилди.

Бугунги кунда «Шталаг 326» архиви элчихонамиз билан ҳамкорликда 230 дан зиёд ўзбек аскарларига оид маълумотларни аниқлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Вақти келиб ушбу рўйхат ва ҳужжатлар асосида уруш йилларида бедарак кетган ва «Штукенброк» ҳарбийлар қабристонига дафн этилган ватандошларимизнинг қариндошлари, яқинлари топилиб, уларнинг хотираларини ёд этиш мақсадида бу ерларга келишса ажаб эмас.

Дарҳақиқат, хотира буюк – қадр муқаддас! Аждодлар хотирасини ёд этиш, Ватанимиз озодлиги, ҳимояси йўлида жон фидо этган ота-боболаримизни руҳини шод айлаш, қаторимизда умр кечираётган кексаларимиз ва фахрийларимизни қадрлаш биз авлодлар учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Мавзуга оид

Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўр...

Ўзбекистон Президенти «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадб...

Польшадан табрик: Халқимизнинг бағрикенг...

Польшада таҳсил олаётган ватандошларимиз Наврўз байрами муносабати билан юртдошларимизга ў...

Халқ ичидан чиққан қаҳрамон...

Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон қурган буюк давлат ва унинг ворислари бўлган темурийлар салт...

Сўнгги янгиликлар