Uz / Ўз Ru En

Toshkent

29/Август/2020   Мустақилликка 29 йил

Германиядаги ҳамюртларимизнинг байрам табриги


БEРЛИН, 29 август. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан дунёнинг турли минтақаларида таҳсил олаётган ва турли соҳаларда фаолият юритаётган ёшлардан самимий табриклар келишда давом этмоқда.

Навбатдаги байрам табриклари Германиядаги ўзбекистонлик ёшлардан келди. Табрикларда Ўзбекистон халқига самимий эзгу тилаклар билдирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Элеонора Котлибулатова, “Ниҳол” Давлат мукофоти лауреати, кўплаб турли нуфузли халқаро танловлар ғолибаси:

– Азиз дўстлар! Қадри баланд ватандошлар! Сизни яқинлашиб келаётган муҳим сана – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик куни билан табриклайман! Мен меҳнаткаш, очиқкўнгил ва самимий халқимизга, авваламбор, бахту-саодат, сиҳат-саломатлик ва фаровонлик, албатта, чеҳраларидан кулгу табассум аримаслигини тилайман. Олдингизда турган янгидан янги марраларга эришишингизни истардим. Пандемия шароитига қарамай, мамлакатимиз олға одимлар билан фақат олдинга силжишини чин дилдан тилайман. Истардимки, ҳаётнинг турли жабҳаларида Ўзбекистондан чиққан қобилиятли ёшларнинг муваффақиятларидан барчамиз доим фахрланиб юрайлик.

Мустақиллик айёмида яна бир бор Сиз, азизларга барча эзгу ниятлар ҳамроҳ бўлишини тилайман!

Ихтиёр Бобожонов, Германиянинг Ҳанновер федераль ери Лейбниц номидаги университети катта илмий ходими:

– Азиз юртдошлар, кириб келаётган мустақиллик айёми билан барчангизни табриклайман. Бугунги кунда инсониятни таҳликага солиб турган ушбу кўринмас балони даф этиб, эсон-омон яхши кунларга чиқиш барчангизга насиб қилсин. Мамлакатимиз кундан кунга янада тараққий этиб, улкан ютуқларга эришаверсин! Яна бир бор мустақиллигимиз муборак бўлсин!

Жалол Хўжаев, Бизнес бошқаруви магистратураси битирувчиси, Германиянинг консалтинг компаниясида малака ошираётган ватандош:

– Азиз ватандошлар! Сизларни кириб келаётган энг улуғ ва энг севимли байрам – мустақиллигимизнинг 29 йиллиги билан муборакбод этаман. Мамлакатимиз ўтган йиллар мобайнида ҳаётнинг барча жабҳаларида улкан ютуқларга эришди. Турли даражадаги фаолият билан хорижда бўлиб турган биз ўзбекистонликларни ушбу тарихан қисқа фурсатларда эришилган ютуқлар, ислоҳотлар ва катта ижобий ўзгаришлар қувонтиради. Ўзбекистонимизнинг келажаги ҳақиқатан ҳам ёшлар қўлида. Бугунги кунда дунёнинг турли давлатларида таҳсил олаётган ёшлар келгусида мамлакатимизнинг янада равнақ топишига қўлимиздан келганича ҳисса қўшамиз.

Келажакда Германия олий ўқув юртларида олган билим ва кўникмаларим билан мамлакатимиз иқтисодиёти, илм-фани ривожига ўз ҳиссамни қўшаман. Фурсатдан фойдаланиб, барча ўзбекистонлик ёшларни, халқимизни яна бир бор улуғ айём билан табриклайман. Тинчлик, хотиржамлик тилайман.

Камолиддин Бердиев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Германиядаги вакили:

– Ҳурматли ватандошлар барчангизни тобора яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллик шодиёнаси билан ўзим, қолаверса, Германиядаги барча ёшлар номидан чин қалбимдан муборакбод этаман. Сизларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, келгусидаги ишларингизга улкан зафарлар тилайман. Мустақиллик йилларининг ўтган қисқа фурсатларида юртимиз эришган ютуқларни ҳар доим кузатиб борамиз ва улардан фахрланамиз. Мамлакатимизда олиб борилаётган турли жабҳалардаги ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар бизни бефарқ қолдирмайди.

Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинчлигига кўз тегмасин. Айни пайтда дунёда ҳукмронлик қилаётган пандемия барҳам топиб, бутун инсониятга бахтли-саодатли кунларга етишиш насиб қилишини тилайман. 

Маржона Мўминова, Гамбург университети талабаси:

– Юртдошларимизни Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик куни билан табриклайман. Бугунги кунлар тарихда бўлгани каби Ватанга бўлган муҳаббатимизни янада ошириб, бизни кучлироқ бирлаштирди. Ишончим комил, мустақиллик доим мамлакатимиз муваффақиятлари рамзи бўлиб қолади.

Фурсатдан фойдаланиб, масъулиятли меҳнати ва истеъдоди билан Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшаётган барчага миннатдорлик билдираман. Сиз, азизларга бахт ва соғлик тилайман. Яна бир бор Ватанимиз Мустақиллиги куни муборакбод бўлсин!

Мавзуга оид

Туркиядан байрам табриги...

Туркиянинг Эгей университети (Измирдаги) ўзбек тили фани ўқитувчиси, филология фанлари док...

Илм-фанга қаратилаётган эътибор бесамар ...

Илм-фанга қаратилаётган эътибор бесамар кетмайди—Сингапурлик ватандош....

Бирлашган Араб Амирликларидаги ватандошл...

Бирлашган Араб Амирликларида яшаб, меҳнат қилаётган юртдошимиз Гуландон Қўчқорова халқимиз...

Сўнгги янгиликлар