28/Апрель/2021 Таълим
ГУАНЧЖОУ, 28 апрель. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси ва Гуандун Хорижий тиллар ва халқаро савдо университети раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда университет вице-президенти, профессор Цзяо Фантай, халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Кэ Сяохун, халқаро таълим дастурлари директори Цай Хун, ўқув бўлими бошлиғи Дунь Цзюньу, халқаро бўлим бошлиғи ўринбосари Чжоу Пэн иштирок этди.
Мазкур олий билим юртига 1965 йилда асос солинган. Бугунги кунда университет Хитойда халқаро иқтисодиёт ва савдо бўйича академик дастурларни таклиф қилувчи асосий таълим муассасалардан бири ҳисобланади. 2008 йил октябрь ойида Гуандун иқтисодиёт ва молия институти ҳам университет таркибига киритилди. Университетда 1 минг 200 га яқин ўқитувчил фаолият кўрсатади. Уларнинг қарйиб 50 фоизи профессор ёки доцент илмий даражаларига эга. Шунингдек, бу ерда 60 нафардан ортиқ чет эллик мутахассис шартнома асосида меҳнат қилади. Университет 21 та факультет ва битта ўзини ўзи бошқариш институтидан иборат бўлиб, 56 та бакалавр йўналишини таклиф этади. Айни пайтда 20,5 минг бакалавр, 2 минг дан ортиқ магистр, аспирант ва докторант ҳамда 13 мингдан ортиқ кундузги, сиртқи, кечки таълим, иккинчи олий таълим дастурлари бўйича маҳаллий ва чет эллик талабалар ўқийди. Шу жумладан, Ўзбекистондан 30 нафарга яқин талаба таҳсил олади.
Учрашувда университет вице-президенти Цзяо Фантай университет тарихи, таълим йўналишлари, илмий-тадқиқот фаолияти, халқаро ҳамкорлик ва истиқболдаги режалар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Хитой томонига Гуанчжоу шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси фаолияти ҳақида сўзлаб берилди. Истиқболда Ўзбекистон олий таълим муассасалари ҳамда Гуандун хорижий тиллар ва халқаро савдо университети ўртасида илм-фан соҳасида яқин алоқалар ўрнатиш, шу жумладан, республикамиздаги олий таълим муассасалари билан таълим соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, икки томонлама мутахассисларни жалб қилиш лойиҳалари, мазкур таълим масканида ўзбек тили кафедрасини очиш таклифи билдирилди.
Университет раҳбарияти таклифлардан мамнунлигини таъкидлаб, уларни амалга ошириш бўйича аниқ режаларни ишлаб чиқилишини маълум қилди.
Учрашув якунида яқин вақт ичида Ўзбекистоннинг чет тилларни ўрганишга ихтисослашган университетларидан бири билан онлайн-музокаралар ташкил этиб, ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича келишиб олинди.
Тадбир доирасида университет кутубхонасига «Ўзбек тили изоҳли луғати» тўплами ва хорижликлар учун ўзбек тилини ўрганиш бўйича ўқув қўлланмаси тақдим қилинди.