Uz / Ўз Ru En

Toshkent

05/Май/2021   Парламент

Халқ вакиллари «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди


ТОШКЕНТ, 5 май. /«Дунё» АА/. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида халқ вакиллари «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча йўналишларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бир неча йиллар аввал жорий этилган, ҳозирда эса қатор жиҳатлари билан замон талабларига мослаштирилиши тақозо этилаётган нормаларни қайта кўриб чиқишни кун тартибга қўймоқда. Мазкур қонунга депутатларимиз шу нуқтаи назардан ёндошиб, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга қарор қилди.

Шу тариқа қонунда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашда мавҳум бўлган айрим диний атамаларга ойдинлик киритиш, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаш орқали уларнинг эркин фаолиятини янада кафолатлаш, диний ташкилотни тузиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш, уни давлат рўйхатидан ўтказишда рад этиш асосларини аниқ кўрсатиш, бу соҳада тегишли давлат органларининг ваколатларини белгилаш, диний ташкилотни тугатиш, диний ташкилотларнинг ўтказилиши режалаштирилган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш ва уларни давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш тартиблари каби нормалар ўз аксини топмоқда.

Қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида депутатлар жамоатчиликдан келиб тушган таклифларни ҳам атрофлича ўрганиб, уларнинг аксариятини лойиҳадаги нормаларга сингдирди.

Лойиҳада диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш электрон тизим орқали амалга оширилиши ҳам белгиланмоқда. Бу эса, ортиқча овворагарчиликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлади. Шунингдек, қайта ташкил этиш йўли билан тузилган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш масаласига аниқлик киритилиб, уни амалга оширишнинг тартиб-таомиллари аниқ белгилаб берилмоқда.

Шу билан бирга, диний ташкилотни рўйхатга олиш учун мурожаат – у олинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида, диний ташкилотни қайта рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат – у олинган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, амалдаги қонунда диний ташкилотни рўйхатга олишни рад этиш ҳаволаки норма асосида белгиланган бўлса, янги қонунда рўйхатга олишни рад этиш асослари аниқ санаб ўтилган.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар соҳасидаги муносабатларни тартибга солинишини янада такомиллаштиришга, диний ташкилотларни тузиш ва уларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш бўйича нормаларни соддалаштиришга, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва бурчлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий асосларнинг аниқ белгилаб қўйилишига хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Мавзуга оид

Олий Мажлис Cенати: «Даут-ота» чегара бо...

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон божхона бошқармаси тасарруфидаги «Даут-от...

Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича мамла...

Кеча «Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича Мамлакат дастурини амалга оширишни...

Олий Мажлис Сенати делегацияси Россияга ...

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати делегацияси аъзолари Россияга ташрифи доирасида «COVID-19 п...

Сўнгги янгиликлар