31/Январь/2020 Иқтисодиёт
ТОШКЕНТ, 31 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюросида хорижий мамлакатлар дипломатик корпус ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналар вакиллари билан давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси жорий йилнинг 1 январидан кучга кирди. Унда чет эл дипломатик корпуслари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналар расмий фойдаланиши, шунингдек, ушбу ваколатхоналар дипломатик ва маъмурий-техник ходимлари ҳамда улар оила аъзоларининг шахсий фойдаланиши учун товарларни харид қилишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қоплаб бериш тартиби белгиланган.
Учрашув иштирокчиларига ушбу тартиб ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этиш жоиз, бу каби амалиёт ривожланган мамлакатларда кенг қўлланилади. Хусусан, мамлакатимиз дипломатлари, техник ходим ва улар оила аъзолари бундай имкониятлардан кенг фойдаланиб келмоқда.
Анжуманда дипломатик корпус вакиллари мамлакатимизда янги Солиқ кодекси билан мазкур тартибнинг жорий этилиши ижобий баҳолашди.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.