23/Январь/2023 Ҳамкорлик
ЖЕНЕВА, 23 январь. /«Дунё» АА/. Халқаро электротехника комиссияси (IEC) Ўзбекистонни ташкилотнинг янги аъзоси сифатида қабул қилади, деб хабар бермоқда «Дунё» мухбири IEC веб-сайти маълумотига таянган ҳолда.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Ўзбекистон IEC Миллий қўмитасига айланди.
«Биз Ўзбекистон IECга қўшилганидан жуда хурсандмиз. Ўзбекистонлик экспертлар жаҳон ҳамжамиятимизга қўшилиш орқали халқаро стандартлар ва мувофиқликни баҳолаш хизматларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этишлари, ўз манфаатларини амалга оширишни таъминлашлари ва илғор халқаро тажрибаларни жорий этишлари мумкин бўлади. Бу глобал ҳамкорлик сари яна бир қадамдир», деди IEC бош котиби ва бош директори Филипп Мецгер.
Ўзбекистон 2015 йил октябрь ойидан бошлаб, мамлакат Комиссиянинг Ҳамкорлик дастурига (АCР) қўшилганидан бери IEC ҳамжамиятининг бир қисми ҳисобланади. Ушбу дастурдаги иштироки доирасида Ўзбекистон миллий даражада 720 та халқаро стандартларни қабул қилди ва 2019 йилда давлат ҳамда хусусий сектор вакиллари иштирокида Миллий электротехника қўмитаси (МЭҚ) тузилди.
«IEC аъзоси бўлиш орқали биз халқаро стандартлаштириш ҳамжамияти билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имкониятига эга бўламиз. Стандартлардан фойдаланиш мамлакатимиз саноатига глобал рақобатдош устунликни ошириш имконини беради ва савдодаги техник тўсиқларни бартараф этишга ёрдам беради. Биз IEC ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликдан манфаатдормиз», деди Ўзбекистон IEC Миллий қўмитаси котиби Абдулло Орифбоев.