04/Март/2021 Маданият
ТОШКЕНТ, 4 март. /«Дунё» АА/. Қирғизистон маданият ходимлари “Ичан-қалъа”да кўргазмалар намойиш этиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Хивага ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Маданият вазирлиги маълумотига таяниб.
Кейинги йилларда барча соҳада бўлгани сингари маданият соҳасида ҳам халқаро алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда. 2020 йил октябрь ойида “Ичан-қалъа” давлат музей - қўриқхонаси ва Ўш вилоятидаги “Сулаймон тоғ” тарихий-археологик музей мажмуаси ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолаган эди.
Ушбу ҳужжатда кўзда тутилган тадбирлар доирасида қирғизистонлик меҳмонлар “Ичан-қалъа”да кўргазмалар намойиш этиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Хивага ташриф буюрди.
Музей-қўриқхона ҳудудидаги Тошҳовли саройида “Сулаймон тоғ - бутунжаҳон мероси объекти” номли кўргазма очилди.
Кўргазмадан ўрин олган экспонатлар, турли фото ва тасвирий санъат намуналари Хивага ташриф буюрган хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Маданий алоқалар ҳар икки музей ходимларининг ўзаро тажриба алмашинувига, соҳа ривожи, миллатлараро дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.