Uz / Ўз Ru En

Toshkent

22/Апрель/2021   Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида

Халқаро пресс-клуб Жанубий Корея медиа оламидаги етакчи нашр билан ҳамкорлик қилади


СЕУЛ, 22 апрель. /«Дунё» АА/. Бугун мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Халқаро пресс-клуб ва Жанубий Кореянинг «The Korea Times» газетаси вакиллари иштирокида видеоконференция шаклидаги мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Халқаро пресс-клуб раиси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, пресс-клуб ходимлари, шунингдек, «The Korea Times» газетаси президенти
О Ён Чжин ва газета мухбирлари иштирок этди.

«The Korea Times» газетаси мамлакатдаги инглиз ва корейс тилларида чоп этиладиган етакчи нашрлардан бири саналади. Газета саҳифаларида халқаро ҳаёт, сиёсат, иқтисодиёт, бизнес, молия, маданият, спорт ва бошқа соҳалардаги воқеалар кенг ёритилади. Нашр нафақат Жанубий Кореяда, балки хорижда ҳам ўз ўқувчиларига эга. Дунёнинг оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Учрашувда Халқаро пресс-клуб билан «The Korea Times» газетаси ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Шерзод Қудратхўжа Жанубий Корея вакилларини Халқаро пресс-клуб фаолияти билан таништирар экан, ушбу нодавлат-нотижорат ташкилоти миллий ахборот маконини ривожлантириш, мамлакатимиз иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган янгиланишлар, ўзгаришлар ҳақида халқаро жамоатчиликни тезкор ва холисона хабардор этувчи платформа эканини таъкидлади. Бундан ташқари, юртимизда сўнгги йилларда ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.

Томонлар истиқболда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини ҳисобга олиб, Халқаро пресс-клуб ва «The Korea Times» газетаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини имзолашга келишиб олди.

Мазкур ҳужжат асосида томонлар ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, келажакда мутахассисларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг талабалари учун «The Korea Times» газетаси офисида амалиёт ўташ учун шароит яратиш каби қатор вазифаларни амалга оширади.

«The Korea Times» президенти О Ён Чжин Ўзбекистонда жорий йил бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбирларни газета саҳифаларида кенг ёритишда Халқаро пресс-клуб билан биргаликда аниқ лойиҳани амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Президент, шунингдек,  «The Korea Times» газетаси билан Халқаро пресс-клуб ўртасидаги ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад икки давлатда рўй бераётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий янгиликларни холисона ёритган ҳолда, мамлакатларимиз халқларини бир-бирига янада яқинлаштиришдан иборатлигини алоҳида қайд этди.

Мавзуга оид

Ўзбекистоннинг Қишлоқ хўжалиги тараққиёт...

Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотидаги (ФАО) ...

ЖИДУ малайзиялик шериклар билан ҳамкорли...

Кеча Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия униве...

Афғонистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси:...

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчиси Виталий Фен Афғонистоннинг ушбу мамлакатдаги ...

Сўнгги янгиликлар