Uz / Ўз Ru En

Toshkent

09/Декабрь/2020   Медиа

Хитой коронавирус тарқалишига қарши курашишда Ўзбекистон томонидан февраль ва март ойларида кўрсатилган инсонпарварлик ёрдамини юқори баҳолайди


ПЕКИН, 8 декабрь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг энг йирик «Синхуа» ахборот агентлиги сайтида «Хитой ва Ўзбекистон эпидемияга қарши курашишда ва инсониятнинг умумий тақдири концепциясини амалга оширишда ҳамкорлик қилмоқда» сарлавҳаси остида таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда коронавирус пандемиясига қарши курашишда Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги натижаларига алоҳида эътибор қаратилган.

“Пандемиянинг илк кунларидан бошлаб Хитой ва Ўзбекистон бу глобал муаммога қарши елкама-елка туриб курашиб келмоқда”, - дейилади агентлик материалида. – Улар фалокат бир мамлакат ёки минтақа учун эмас, балки бутун инсоният учун энг хавфли муаммо эканини эътироф этди. Ушбу оғир синовли даврда икки мамлакатнинг бир-бирига кўрсатаётган беғараз ёрдамини алоҳида қайд этиш жоиз. Ўрнатилган ҳамкорлик нафақат гуманитар соҳани, балки замонавий технологиялар билан таъминлаш, COVID-19 эпидемиясига қарши курашда бой тажрибага эга бўлган мутахассисларни юбориш орқали ёрдам беришни ҳам ўз ичига олади.

Хитой ҳукуматининг COVID-19 эпидемиясига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан гуманитар ёрдамнинг дастлабки жўнатмаси жорий йил февраль ойида амалга оширилиб, у шахсий ҳимоя воситалари-ниқоблар, респираторлар, комбинезонлар, бир марталик стерил қўлқоплар ва бошқа тиббий анжомларни ўз ичига олди. Март ойида Тошкентдан Урумчи шаҳрига Хитойнинг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи қисми жўнатилди.

Агентликнинг таъкидлашича, Хитой Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган гуманитар ёрдамни юқори баҳолайди.

Ўз навбатида, сўнгги пайтларда Ўзбекистонга ҳам Хитойдан бир неча бор инсонпарварлик юклари етказилди. Бу Хитой ҳукумати, турли идоралар, жамғармалар, корхоналар ва хусусий компанияларнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилди.

Жорий йил март ойида Хитойдан 20 тонна инсонпарварлик ёрдами Тошкентга етказилди. Ушбу жўнатмага Ўзбекистон ҳукумати томонидан сотиб олинган товарлар ҳам киритилди. Булар COVID-19 вирусини аниқлаш учун 200 минг дона тест ва қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 50 минг дона бир марталик ҳимоя комбинезонларидан иборат бўлди.

Апрель ойида Ўзбекистонга 2 миллион юань (тахминан 290 минг АҚШ доллари) миқдоридаги гуманитар ёрдам етказилиб, у COVID-19нинг оғир шаклига чалинган беморларни даволашда ўз самарадорлигини исботлаган тиббий маҳсулотлардан иборат бўлди.

Пандемия шароитида ахборот-коммуникация технологиялари вирус тарқалишининг олдини олиш ва кузатишда муҳим роль ўйнайди. Хитой тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ушбу технологиялардан фойдаланиш вирусларни назорат қилиш ва уларга қарши курашишда амалий натижалар намоён этмоқда. Бундай шароитда Huawei компанияси томонидан тақдим этилган Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залида ўрнатилган иккита иссиқлик тасвирга олиш камераси ва Хитой клиникалари билан масофадан алоқа қилиш имконини берувчи иккита видеоконференция тизими Ўзбекистонда COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ масалаларни янада самаралироқ ҳал этиш имконини беради.

Шунингдек, пандемияга қарши курашда энг самарали ёндашувлардан бири – беморларни даволашда мутахассислар тажрибасини ўрганишдир. Эпидемияга қарши кураш бўйича мамлакатлар ҳамкорлиги доирасида апрель ойида Хитой ҳукумати ушбу касалликка қарши курашда бой тажрибага эга бўлган 15 кишидан иборат маслаҳатчи ва тиббиёт экспертлари гуруҳини Ўзбекистонга юборди. Хитойдан келган мутахассислар Ўзбекистон пойтахти ва республиканинг қатор вилоятларида бўлиб, COVID-19нинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича маҳаллий шифокорлар учун курслар ўтказди.

Муваффақиятли ҳамкорликнинг ёрқин намунаси ўлароқ октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлигида Хитой Фанлар академияси Микробиология институти, «Sinopharm Group» ва «Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компаниялари вакиллари билан Ўзбекистонда COVID-19 вакцинасининг клиник синовларини ташкил этиш бўйича ўтказилган музокараларга урғу берилган.

COVID-19 пандемиясига қарши Ўзбекистон - Хитой ҳамкорлиги икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш билан бирга, вирусли касалликларга қарши курашда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасига инновацион ва замонавий усулларини олиб кириш имконини ҳам беради, дейилади мақолада.

Мақолада, шунингдек, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзян Яннинг мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга доир билдирган фикр-мулоҳазалари ҳам келтирилган: “Мамлакатда инвестиция, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, транспорт, атроф-муҳит муҳофазаси, рақамлаштириш ва бошқа соҳаларда қатор ўрта ва узоқ муддатли стратегия ва тараққиёт дастурлари тасдиқланган”.

Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари халқаро муносабатлар тизимида алоҳида ўрин тутади, деб таъкидлайди Агентлик. Икки мамлакат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли тенглик ва ўзаро ҳурмат асосига қурилган ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб, тобора янги босқичга кўтарилмоқда”.

“Синьхуа” Хитой элчисининг “Хитой “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Ўзбекистон билан тараққиёт стратегияларини мунтазам чуқурлаштиришга, ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга, амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда икки мамлакат равнақи ва халқларига сезиларли даражада фаровонлик олиб келиши учун умумий мувофиқлаштирилган тараққиётга эришиш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга тайёр”, - деган сўзларидан иқтибос келтиради.

Мавзуга оид

Саудия Арабистонидан муносабат: Ўзбекист...

Саудия Арабистонининг етакчи халқаро нашрларидан бири - «Asharq Al-Awsat» газетасида моли...

Ўзбекистон сайлов қонунчилигидаги ўзгари...

Ўмон Султонлигининг етакчи нашларидан бири - «Асда Оман» газетаси («Ўмон садоси») веб-сайт...

Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳ...

Ўмон Султонлигининг «Asdaa Oman» газетаси ўз ўқувчиларини Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳ...

Сўнгги янгиликлар