Uz / Ўз Ru En

Toshkent

25/Сентябрь/2020   Долзарб

Хитой нашрларида «Замонавий Ўзбекистон ва XXI асрда Ипак йўли истиқболлари» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди


ПЕКИН, 25. сентябрь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг йирик “Феникс” (Phoenix) ахборот агентлиги интернет саҳифасида мазкур мамлакатнинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари ва таҳлилий марказлари экспертларидан бирининг шу номдаги мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида қилган маърузасига бағишланган.

Мақола муаллифи Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хитой Халқаро муаммолар академияси Евроосиё тадқиқотлари маркази директори Ли Цзиго.

“БМТ Бош Ассамблеясининг видеоконференция шаклидаги 75-сессиясида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қатор муҳим ташаббусларни илгари сурган ҳолда Марказий Осиёнинг энг фаол етакчисига айланди. Ўзбекистон раҳбари томонидан БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича минтақавий марказни таъсис этиш таклиф этилди. Бу транспорт, коммуникация, энергетика, таълим, тадқиқотлар олиб бориш, инновация, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда муштарак ҳамда қўшма инфратузилма тармоқларини яратишга хизмат қилади”, дейди муаллиф.

Ўзбекистоннинг Буюк ипак йўлини ривожлантиришдаги тарихий ўрнига тўхталган хитойлик эксперт “Ўзбекистон орқали ўтган Буюк ипак йўли кўп асрлик тарихга эга. Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хива савдо йўлининг муҳим шаҳарлари бўлган”ини қайд этади.

Мақоланинг «Замонавий Ўзбекистон ва «Бир макон, бир йўл»» деб номланган қисмида “Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг муҳим мамлакати сифатида ушбу алоқа йўлини доим қайта тиклашга интилган.  1994 йили Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳамкорликда Буюк ипак йўлини қайта тиклаш бўйича тадбир ташкил этиш баробарида Буюк ипак йўлини қайта тузишга қаратилган Самарқанд декларациясини қабул қилган. Ўзбекистон Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг «Бир макон, бир йўл» ташаббусини қўллаб-қувватлайди”, дея келтирилади.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон қадим карвон йўлининг муҳим бўғинидир. Мамлакат тарихан Буюк ипак йўлининг маркази ҳисобланган.

Глобаллашув шароитида Ўзбекистон жаҳон саноат меҳнат тақсимотига интеграциялашиши зарур. Бунинг учун 2015 йили Ўзбекистон «2015–2019 йилларда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш дастури»ни қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимига сайланганидан сўнг транспорт ва логистика соҳасида минтақавий ҳамкорлик йўлини изчил давом эттирди. 2017 йилги Мурожаатномасида транспорт масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, у транспорт ва логистика тармоғини ривожлантириш учун хусусий капитал киритишни таклиф қилди.

2019 йил июнь ойида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Шавкат Мирзиёев тармоқлараро ва транспорт йўлакларини ривожлантиришнинг стратегик режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этди. 2020 йил 23 сентябрда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Президенти транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича минтақавий марказ таъсис этиш ташаббусини илгари сурди.

Мақолада «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги Хитой – Ўзбекистон транспорт-логистика йўналишидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. “Хитой ва Ўзбекистон бу соҳада умумий манфаатларга эга. Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга бўлган «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида учта лойиҳа – “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” автомагистрали, Қамчиқ довонидаги туннел, “Афғонистон – Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой”  транспорт йўлаги амалга оширилмоқда.   

Мақолада, шунингдек, “Афғонистон – Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой”  транспорт йўлаги Хитой билан Афғонистон ўртасида энг қисқа ва қулай алоқа йўли бўлиши мумкинлиги айтилади.

Мавзуга оид

Туркия Республикаси Президентининг Бош м...

Янги йил муносабати билан Ўзбекистоннинг хориждаги шерикларидан самимий табриклар келмоқда...

Президент Сирдарёга етиб келди...

Президент Шавкат Мирзиёев зудлик билан Сирдарё вилояти Сардоба туманига етиб келди....

Франсуа Бежо: Ўзбекистон Президентининг ...

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси Муваққат ишлар вакили Франсуа Бежо «Дунё» а...

Сўнгги янгиликлар