30/Сентябрь/2022 Ўзбекистон дунё нигоҳида
ПЕКИН, 30 сентябр. /«Дунё» АА/. Хитойнинг етакчи «Жэньминь жибао» газетаси ва «Синьхуа» ахборот агентлигининг интернет саҳифаларида Ўзбекистонда транспорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА мухбири Музаффар Комилов.
Нашрлар Ўзбекистон Президенти иштирокида мамлакатда транспорт соҳасида ислоҳотларга бағишланган йиғилишда давлат раҳбари ушбу жабҳадаги ўзгаришларни жадаллаштириш бўйича топшириқ берганини хабар қилган. «Бу соҳа – иқтисодиётнинг қон томири. Транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, иқтисодиётнинг барқарор ривожини таъминлай олмаймиз», дея Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтиради манбалар.
Президент Шавкат Мирзиёев темир йўл транзити имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш, фуқаро авиациясини қулай, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатадиган соҳага айлантириш, халқаро транзит юк ташиш учун замонавий автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш, темир йўл транспорти йўналиши бўйича халқаро транзит йўллари тармоғини кенгайтириш каби вазифаларни белгилаб берди, дейилади нашрларда.
Мақолада давлатимиз раҳбари Стратегик ислоҳотлар агентлиги таркибида транспорт бўйича алоҳида гуруҳ ташкил этиш ва бу соҳани янада такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ҳам топшириқ бергани маълум қилинган. Транспорт инфратузилмасини кенгайтириш, соҳани рақамлаштириш бўйича яна кўплаб вазифалар белгилаб олинди.
«Умуман олганда, авиаташувлар бозорининг либераллашуви натижасида сўнгги уч йилда Ўзбекистонга парвозларни амалга оширувчи компаниялар сони икки баравар кўпайди. Халқаро автомобиль транспортида юк ташиш ҳажмида маҳаллий ташувчиларнинг улуши 62 фоизга етди», деб ёзади Хитой ОАВ.