Uz / Ўз Ru En

Toshkent

03/Март/2020   Долзарб

Хитойда COVID-19 вирусига чалинган ва уни юқтиргани тахмин қилинганлар сони камаймоқда


ПЕКИН, 3 март. /“Дунё” АА/. Сўнгги икки ҳафта давомида Хитой Халқ Республикасида янги турдаги COVID-19 касаллигига чалинган ва уни юқтиргани тахмин қилинаётган одамлар сони камаймоқда. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш бўйича давлат қўмитаси расмий вакили Ми Фэн маълумотига асосланиб “Дунё” АА мухбири хабар бермоқда. 

Ми Фэннинг қайд этишича, мамлакатдаги шифохоналарда касалликдан фориғ бўлиб, уйига қайтаётганлар сони тобора ортиб бормоқда.

“Хусусан, сўнгги кунларда 3 минг нафарга яқин киши ўз уйига қайтди”, дея таъкидлаган Ми Фэн Ухань шаҳри ва бошқа провинциялардаги вазият ижобий тус олгани ҳақида тўхталар экан.
Шунингдек, у бундан буён асосий эътибор кичик туманларда эпидемиянинг олдини олиш ва назорат қилишга қаратилишини маълум қилди. 

Расмий маълумотларда қайд этилишича, 2 март куни мамлакатда COVID-19 вирусини юқтирганлар сони 125 кишини (уларнинг барчаси Хубэй провинциясида), ҳаётдан кўз юмганлар эса 31 нафарни ташкил этган. Шу куни касалликни юқтиргани тахмин қилиниб рўйхатга олинганлар 129 кишига етган. Шифо топгани қайд этилиб, уйига рухсат берилганлар эса 2 минг 742 кишини ташкил қилган. Айни пайтда оғир аҳволдаги беморлар 6 минг 806 кишидан 304 нафаргача қисқарган.

Пекинда ўтган матбуот анжуманида мамлакат бўйича 63 та ҳарбий госпиталда 10 минг ҳарбий тиббиёт хизматчилари янги турдаги COVID-19 вируси билан касалланган беморларни даволашга жалб этилгани билдирилди.

Тадбирда ХХР Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили янги турдаги коронавирус эпидемиясига қарши курашда Хитой ҳукумати мамлакат ва хорижий давлатлар фуқароларига бирдек муносабатда бўлаётганини, зарур ҳимоя ва кўмак кўрсатилаётганини таъкидлади.

Хитой вакили Чжао Лицзянь сўнгги кунларда Эрон ва Италияда мазкур касалликка чалиниш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида тўхталиб, “Эронда ва Италиядаги эпидемиянинг бартараф этилиши, унинг назорат қилиниши ва беморларни даволаш учун Хитой ўз имкониятлари доирасида ёрдам кўрсатишга тайёр” эканини таъкидлади. 

Ўз навбатида, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Фавқулодда вазиятлар бўйича дастурининг техник раҳбари Мария Ван Керкхове дунё жамоатчилиги саломатлигини сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилганини маълум қилди.

COVID-19 эпидемияси билан боғлиқ Хитойдаги вазият яхшиланаётганига қарамасдан дунё миқёсида унинг тобора кенг тарқалиб бораётганини кузатиш мумкин.

Биргина 2 март куни ҳолатига кўра, COVID-19 эпидемияси Индонезия, Андорра, Саудия Арабистони, Сенегал, Марокаш, Латвияда ҳам қайд этилди. Шу тариқа юқумли касаллик кириб борган мамлакатлар сони 72 тага етди. 

Эслатиб ўтиш ўринли, жорий йил 1 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги турдаги COVID-19 эпидемияси тарқалиши хавфини баҳолашни “юқори” даражадан “жуда юқори” даражага кўтарган эди.
 

Шуҳрат Умиров,
“Дунё АА мухбири,
Пекин

Мавзуга оид

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбо...

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов бугун Италия Республик...

Токиода соғлиқни сақлашнинг инновацион с...

Ўзбекистон элчиси Ғайрат Фозилов Япония билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни ривожла...

Нажмиддин Раззақов: Конституция—ҳуқуқ ва...

Туркиянинг Анқара шаҳридаги Ҳўжатепа университети талабаси, ватандошимиз Нажмиддин Раззоқо...

Сўнгги янгиликлар