29/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
ПЕКИН, 29 март. /«Дунё» АА/. Мунтазам равишда хабар қилинаётганидек, мамлакатимизнинг Конституциявий ислоҳотлари хорижий элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз ўртасида ўзининг катта акс-садосини бераётир, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Хитойдаги вакили Жамшид Сулаймонов:
- Маълумки, юртимизда кечаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёнида мутахассисларимиз томонидан дунёнинг қатор давлатлари конституциялари мукаммал ўрганилгани баробарида халқимиз вакиллари томонидан билдирилган таклифлар ҳам чуқур таҳлил қилинди. Уларнинг асосида Асосий қонунимизга кўплаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилди.
Ишонаманки, янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун жуда муҳим асос бўлиб хизмат қилади ва олдимизга қўйган улкан мақсадларимизга эришиш шароитларини яратади.
Янгиланаётган Конституцияда мамлакатимизда тадбиркорлик, инвестиция, савдо-саноат, ишлаб чиқариш ва шу каби бошқа соҳаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилгани қувонарли ҳолдир.
Гуанчжоу шаҳридаги Иқтисодиёт университети талабаси Акобир Абдурашидов:
- Биз Хитойнинг турли университетларида таълим олаётган ўзбекистонликлар мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги элчихонасида мунтазам равишда йиғилиб турамиз. Бу ерда малакатимизга оид сўнгги янгиликлар, турли соҳаларда амалга оширилаётган улкан ўзгариш ва ислоҳотлар ҳақида фикр алмашамиз, муҳим маълумотлардан воқиф бўламиз.
Ўзбекистонда жорий йил 30 апрель куни янги таҳрирдаги Конституция бўйича қонун лойиҳаси юзасидан референдум ўтказилиши режалаштирилган. Биз ватандошлар унда фаол иштирок этишни режалаштирганмиз. Конституциямизга киритилиши таклиф этилаётган ўзгаришлар замирида жонажон Ватанимизнинг келажаги, равнақи, унинг гуллаб-яшнаши ва жаҳондаги мавқеининг янада юксалиши ётганини биламиз.