Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

21/Октабрь/2021   Сайлов - 2021

Хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Президенти сайловига муддатидан олдин овоз бериш якунланди


Кеча Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш якунланди. 2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Сайлов кодексига мувофиқ, муддатидан олдин овоз бериш жараёни сайлов кунидан 10 кун олдин (14 октябрь) бошланди ва 3 кун олдин (20 октябрь) тугатилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси қарори билан мамлакатимизнинг хориждаги дипломатия ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 54 та участка сайлов комиссияси ташкил этилди. Уларнинг таркибига дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари, элчихона, бош консулхона, "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналари ходимлари, шунингдек, фаол ватандошлар ва хорижий университетларда таҳсил олаётган талабалар киритилди.

14-20 октябрь кунлари Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатия, консуллик ва бошқа муассасаларида ташкил этилган сайлов участкалари хорижий мамлакатларда бўлиб турган фуқароларимизнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратди.

Бунинг натижасида юртдошларимиз дунёнинг қарийб 50 мамлакатидаги шаҳарлар, жипс яшаш жойлари ҳамда олий ўқув масканларида яратилган 300 дан ортиқ муддатидан олдин овоз бериш пунктларида сайлов жараёнида иштирок этди.

Covid-19 пандемияси билан боғлиқ мавжуд вазият, шунингдек, мезбон давлатлар қонунчилик талаблари ва жорий этилган карантин чекловларини ҳисобга олган ҳолда, муддатидан олдин овоз бериш жараёни эпидемиологик хавфсизлик чораларига мувофиқ ташкил этилди. Хусусан, бинолар олдиндан дезинфекция қилинди, уларнинг барчаси дезинфекцияловчи воситалар ва юз ниқоблари билан таъминланди, ижтимоий масофага риоя қилинди.

Ўзбекистоннинг Озарбайжон, Буюк Британия, Исроил, Испания, Италия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Корея Республикаси, БАА, АҚШ, Туркия, Япония ва бошқа мамлакатлардаги элчихоналарида ташкил этилган барча сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилди.

Ўзбекистоннинг дипломатик муассасалари бўлмаган хорижий мамлакатларда муддатидан олдин овоз беришни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг элчихоналари ва бош консулхоналари бўлмаган 11 мамлакатда кўчма овоз бериш нуқталари ташкил этилиб, уларда сайлов жараёни миллий қонунчиликка тўлиқ мос равишда уюштирилди.

Ушбу жараённи юқори даражада ташкил қилиш учун ўзбек дипломатлари хорижий давлатларнинг расмий вакиллари, шаҳар маъмуриятлари, корхоналар, олий билим юртлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари билан кўплаб учрашувлар ўтказди. Бундан ташқари, сайловчиларнинг электрон рўйхатини тузиш, юртдошларимизни овоз бериш жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Энг кўп кўчма овоз бериш нуқталари Қозоғистон, Россия, Корея Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Туркия каби мамлакатларда ташкил этилди.

Муддатидан олдин овоз беришнинг бориши ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Хусусан, "Дунё" ахборот агентлиги мунтазам равишда хорижий шаҳарларда овоз бериш жараёни тўғрисидаги тезкор маълумотларни эълон қилиб борди, МТРК муддатидан олдин овоз бериш жойларидан эфирга телерепортажлар узатди. Шундай қилиб, Ўзбекистон фуқароларининг чет элда муддатидан олдин овоз бериш жараёнининг шаффофлиги ва очиқлиги таъминланди.

Миллий сайлов қонунчилигига кўра, овоз бериш тугагандан сўнг, участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма сайлов қутисини очади, овозларни ҳисобламасдан махсус қопчага жойлаштиради, унга муҳр қўяди ва бу ҳақда далолатнома тузади. Муҳрланган қопча далолтнома билан бирга сайлов участкасига етказилади ва сайлов куни овозларни санаш жараёни бошлангунга қадар сақланади.

Шундай қилиб, муддатидан олдин овоз бериш натижалари сайловдан кейин бошқа сайловчиларнинг овозлари билан бирга қўшиб ҳисобга олинади.

Мавзуга оид

Исроил пойтахти ва Рамат-Ган шаҳарларида...

Кеча, 15 октябрь куни Исроил пойтахти ва Рамат-Ган шаҳарларида Ўзбекистон Президенти сай...

Қозоғистоннинг Каспий давлат технология ...

Қозоғистоннинг Оқтов шаҳридаги Шахмардан Есенов номли Каспий давлат техника ва муҳандислик...

Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнини ...

24 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловини хорижда ёрит...

Сўнгги янгиликлар