Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

24/Январь/2023   Жамият

ИҲТга раислик Ўзбекистондан Озарбайжонга ўтмоқда ҳамда 2023 йил ташкилот маконида «Яшил» ўтиш ва ўзаро боғлиқлик йили» бўлади

ТОШКЕНТ, 24 январь. /«Дунё» АА/. “Тошкент шаҳрида бугун бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26-йиғилишида аъзо давлатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари бошчилигидаги делегациялар иштирок этгани тарихий аҳамиятга эга бўлди”, деди ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозирий йиғилиш якунлари бўйича ўтказилган брифинг чоғида, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.  


“Бу ҳар доим ҳам бўлавермайди. Мен буни ташкилотимизни янада ривожлантириш, унинг самарадорлиги ва халқаро платформада эътироф этилишига мамлакатларнинг катта қизиқиш билдираётгани, шунингдек, Ўзбекистоннинг ИҲТ фаолиятидаги роли ортиб бораётганининг эътирофи, деб биламан”, деди Хусрав Нозирий.

Шунингдек, у Ўзбекистон Президенти таклифига биноан, 2022 йил ИҲТ минтақасида “Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинганини эътироф этар экан, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши томонидан бу ташаббусга юксак баҳо берилганини таъкидлади.

2023 йилда ИҲТга раислик Озарбайжонга ўтади ва жорий йилни “Яшил» ўтиш ва ўзаро боғлиқлик йили”, деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унинг доирасида атроф-муҳит ва энергетика соҳасидаги саъй-ҳаракатлар ва ҳамкорликни фаоллаштиришга эътиборни кучайтириш режалаштирилган.

26-йиғилиш якунида Ўзбекистон раҳбарининг 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ 15-саммитида илгари сурган ташаббуси ижроси доирасида яқинда ташкил қилинган Юқори даражадаги қўмитанинг ИҲТ минтақасида ҳамкорлик истиқболлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадига қаратилган йиғилишларини мунтазам тарзда ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ашхободдаги ИҲТ саммитида халқаро эколог олимлар ва экспертлар иштирокида юқори даражадаги доимий Мулоқот кенгашини тузишни таклиф этган эди. Бугунги йиғилиш якунида ушбу мулоқот платформасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, ташкилот доирасида янги тузилма – ИҲТ табиий офатлар хавфини бошқариш бўйича минтақавий маркази ташкил этилди. Қароргоҳи Эронда жойлашадиган мазкур тузилма табий офатлар хавфини пасайтириш йўлидаги минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.

Бундан ташқари, энергетика хавфсизлиги ва барқарор энергетика бўйича минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда Бокуда ИҲТ Тоза энергия маркази очилади.

Эслатиб ўтамиз, бугунги анжуманда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдоллахиян, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев, Покистон ташқи ишлар вазири Билавал Бҳутто-Зардарий, Тожикистон ташқи ишлар вазири Муҳриддин Сирожиддин, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, шунингдек, ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозирий, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Бош котиби Қайрат Сарибай иштирок этди. 

Анвар Илёсов олган сурат («Дунё» АА).

Мавзуга оид

Жанубий Корея илмий доира вакиллари юрти...

Наврўз байрами муносабати билан Жанубий Корея жамоатчилиги вакиллари Ўзбекистон халқига ўз...

Бухорода Италиянинг нуфузли университети...

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳамда Италия ўртасидаub ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Бу, а...

Ўзбекистон Президенти Туркия Президентиг...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Туркиянинг ғарбий ҳудудларида юз берган табиий офат – к...

Сўнгги янгиликлар