Uz / Ўз Ru En

Toshkent

27/Ноябрь/2020   Спорт

II Тошкент халқаро марафони 6 декабрь куни ўтказилади


ТОШКЕНТ, 27 ноябрь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 6 декабрь куни II Тошкент халқаро марафони ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Марафон иккита масофада ташкил этилади. Булар – узунлиги 42 км 195 м бўлган марафон ҳамда узунлиги 21 км 97,5 м бўлган ярим марафон югуриш мусобақаларидир.

Югуришнинг старт-финиш чизиғи Афросиёб ва Бешёғоч кўчаларининг кесишувида, «Ҳумо Арена» муз саройи олдида жойлашган. Спортчиларнинг натижаларини максимал даражада аниқ билиб олиш учун вақт ўлчов чиплари ҳамда махсус транспондер тизимидан ҳам фойдаланилади. Марафон ва ярим марафон масофаларида вақт чеклови белгиланган бўлиб, спортчилар ушбу вақт давомида масофани якунлаши шарт.

Марафон ва ярим марафон баҳсларида маррага етиб келган ҳар бир иштирокчига марра медали топширилади. Шунингдек, тадбир ташкилотчилари ва ҳомийлар тарафидан мусобақа ғолиблари ва иштирокчиларига қўшимча совғалар ҳам кўзда тутилган. Марафон ва ярим марафон иштирокчилари 18 ёшдан кичик бўлмаслиги лозим.

Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида II Тошкент халқаро марафонини ўтказиш ташкилий қўмитасининг матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, марафон ташкилий қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов иштирок этди. У ОАВ вакилларига марафонни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишлар тўғрисида маълумот берди.

— Аслида, мазкур марафонимиз жорий йилнинг март ойида, Наврўз умумхалқ байрами арафасида ўтказилиши режалаштирилган эди, — деди Азиз Абдуҳакимов. — Бироқ коронавирус пандемияси сабаб барча оммавий тадбирлар вақтинча чекланганлиги боис марафон тадбирлари ҳам қолдирилган эди. Юртимизда карантин чекловлари юмшатилиши билан II Тошкент халқаро марафонини юқори даражада ўтказиш ишларини бошлаб юбордик. Марафонни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш, югуришни янада оммалаштириш, халқаро спорт алоқалари ва спорт туризмини ривожлантириш, юртимизнинг энг кучли марафончиларини аниқлаш, Тошкент шаҳрининг замонавий шаҳар сифатида оммавий спорт тадбирларини юқори савияда ўтказиш имкониятларини юксалтириш, яқин ва узоқ хориж давлатларидан спортчи ва сайёҳларни жалб қилишдан иборат.

 Маълумки, 2019 йил пойтахтимизда илк маротаба Биринчи Тошкент халқаро ярим марафони юқори савияда ташкил этилган эди. Шу давр мобайнида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кўплаб оммавий югуриш мусобақалари ҳамда марафонларни ташкил этди, бу борада етарлича тажриба тўпланди.

Ташкилотчиларга кўра, карантин талабларини инобатга олган ҳолда бу галги марафонда нафақат Тошкент шаҳрида балки www.uzmarathon.uz сайтидан рўйхатдан ўтиб, дунёнинг исталган нуқтасида туриб ҳам иштирок этиш мумкин.

II Тошкент халқаро марафонида 1-ўрин соҳиби – 30 миллион сўм, ярим марафонда эса 1-ўринни эгаллаган атлет 12 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.

Мавзуга оид

Қўқон давлат педагогика институти талаба...

Жорий йилнинг 13-16 ноябрь кунлари Беларусь пойтахти Минск шаҳрида спортнинг қўл жанги тур...

Муроджон Аҳмадалиев WBA ва IBF йўналишид...

Ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев бугун тонгда АҚШнинг Майами шаҳрида ўзининг навбатдаги жанг...

Анонс: футбол бўйича Ташқи ишлар вазирли...

Бугун Ташқи ишлар вазирлигининг футбол жамоаси «Бош вазир кубоги – 2020» турнири финал учр...

Сўнгги янгиликлар