29/Май/2023 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
ТОКИО, 29 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси томонидан Эхиме префектурасининг Имабари шаҳридаги «Matsuyama Seaside Country club» спорт клуби майдонларида гольф бўйича «Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси кубоги» турнири ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Япония ҳудудлари билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатимизнинг инвестициявий, сайёҳлик, спорт ва ташқи меҳнат миграцияси салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган мазкур мусобақада 55 нафар спортчи ўзаро беллашди.
Турнир ўтказилган ҳудудда «Ўзбекистон бурчаги» ташкил қилиниб, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган япон тилидаги брошюра, қўлланма ва сайёҳлик хариталари, шунингдек, маҳаллий экспорт маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш мақсадида миллий ҳунармандчилик ва кулолчилик буюмлари намойиш қилинди.
Турнир ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов иштирокчиларни онлайн тарзда табриклади.
Элчи Мухсинхўжа Абдураҳмонов ўз нутқида икки давлат алоқалари тарихи ва ушбу турнирнинг ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида тўхталди.
Ўзбекистон расмий вакили турнирга япон ҳамжамиятининг қизиқиши жуда юқори бўлганини таъкидлади. «Япониянинг турли префектураларидан кўплаб гольф ихлосмандларининг турнирга қатнашиш учун ариза топширгани фикримизни тасдиқлайди», деди дипломат.
Турнир ғолиб ва совриндорлари ҳамда фаол спортчилар элчихона томонидан муносиб тақдирланишди.