06/Апрель/2021 Ўзбекистон дунё нигоҳида
ЖАКАРТА, 6 апрель. /«Дунё» АА/. Кеча Индонезиянинг оммабоп «Kompas TV» янгиликлар каналида Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш бошлагани ҳақида лавҳа намойиш қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси хабарига кўра, телеканал 1 апрелдан бошлаб мамлакатимизда коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошлангани ҳақида хабар берган. Биринчи босқичда аҳоли вакиллари «AstraZeneca» (Covishield) ва хитой-ўзбек олимлари томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган «ZF-UZ-VAC2001» вакциналари билан эмланади.
«Биринчи вакцина 21-28 кунлик танаффус билан икки дозада, иккинчиси эса уч дозада қўлланилади», - дейилади хабарда. 17 март куни Ўзбекистонга COVAX глобал дастури доирасида 660 минг доза «AstraZeneca» (Covishield) вакцинаси келтирилди. «AstraZeneca» вакцинасининг навбатдаги жўнатмаси апрель ойида келиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон 1 миллион доза «Sputnik V» вакцинасини сотиб олишни режалаштирмоқда», - дейилади хабарда.
Дастурда таъкидланишича, биринчи босқичда Ўзбекистонда 4,1 миллиондан ортиқ одамни эмлаш назарда тутилган.
Бундан ташқари, дастурда эмлаш жараёнлари ва тартиби, хусусан, 65 ёшдан ошган мамлакат фуқаролари, шунингдек, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, ҳарбий хизматчилар ва сурункали касалликларга чалинган шахслар (18-65 ёш) учун ихтиёрий равишда амалга оширилаётгани ҳақида маълумот тақдим этилди.