06/Январь/2021 Иқтисодиёт
ТОШКЕНТ, 6 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2018-2020 йиллардаги фаолияти натижалари ва келгусидаги режалари ҳақида сўз борди.
Иброҳим Абдураҳмонов Исроил компанияси билан ҳамкорликда шаҳар магистрал тизимларини таъмирлаш ишлари бўйича технологияни трансфер қилиб Ўзбекистонда жорий этиш бўйича лойиҳа амалга оширилаётгани ҳақида маълумот бериб ўтди.
Фаол ҳамкорлик ишлари олиб борилаётган давлатлар сифатида Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Ҳиндистон ва Беларусь эътироф этилди.
Истиқболдаги режаларда Ҳиндистон билан коронавирусга қарши вакцина бўйича ишлар амалга оширилиши таъкидлаб ўтилди.
Бугунги кунда «Routern.com» компанияси билан ҳамкорликда Сунъий интеллектни ривожлантириш ва инновацион технологияларни трансфер қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Россия Федерацияси билан қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Беларусга ёш олимларни қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш яхши йўлга қўйилган.
Учрашув давомида ушбу соҳада амалга оширилиши зарур бўлган истиқболдаги вазифалар, ҳамкорликдаги лойиҳалар бўйича фикр алмашилди.