Uz / Ўз Ru En

Toshkent

19/Октабрь/2020   Иқтисодий дипломатия

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги: Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди


ТОШКЕНТ, 19 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов Венгриянинг экспортни ривожлантириш ва шарқий алоқалар бўйича давлат котибининг ўринбосарлари Иштван Йоо ва Андраш Барани билан  видеоконференция шаклида музокаралар  ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, учрашув давомида Ўзбекистон-Венгрия шериклигининг кун тартибидаги долзарб масалалари ва унинг устувор йўналишларини янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ишбилармон доираларини жалб қилган ҳолда саноат кооперацияси соҳасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари алоҳида эътибор марказда бўлди. Венгрия томонига амалга ошириш учун ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон томонидан ташаббускорлар аниқланиб бўлинган қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, фармацевтика, кимё саноати соҳасидаги 40 та истиқболли лойиҳалар рўйхати кўриб чиқиш учун тақдим этилди. Венгриялик ҳамкасблар ушбу лойиҳаларни ўрганишни дарҳол бошлашга, шунингдек, Венгрия тадбиркорлари орасида бўлажак шерикларни излашга тайёрлигини билдирдилар.

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида 2019 йил якунлари бўйча эришилган савдо айланмасининг сезиларли ўсиши ҳамда 2020 йилда ўзаро савдода кузатилган ижобий тенденциялари қайд этилди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини янада ошириш истиқболлари тўғрисида фикр алмашдилар ва бу борада аниқ қадамларни, жумладан, қўшма савдо уйини очиш ва Будапешт шаҳрида Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг кўргазмасини ташкил этишни белгилаб олдилар.

Шунингдек, томонлар жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик ишларининг боришини ҳам муҳокама қилдилар.

Музокаралар вавомида млм-фан ва таълим соҳасида ўзаро алоқаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Венгриянинг Дебрецен университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ишлаб чиқилаётган битим алоҳида аҳамиятга эгадир. Унинг имзоланиши дипломларни икки томонлама тан олиш амалиётини жорий этишга имкон беради. Шунингдек, Венгрия ва Ўзбекистонда қўшма факультетларни очиш учун имкониятлар яратади.

Келгусидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш учун Венгриянинг Дебрецен университети раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Видеоконференция доирасида томонлар ҳудудлараро шериклик масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Жумладан, Венгриянинг Веспрем вилояти ва Ўзбекистоннинг Навоий вилояти, шунингдек, Пештен ва Тошкент вилоятлари ўртасида ўзора биродарлик муносабатларни ўрнатиш учун шарт-шароитлар кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида эришилган келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида муҳокама этилган йўналишлар доирасида мунтазам равишда мулоқотларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг пойтахт ...

Мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонаси кўмагида бугун Тошкент шаҳар Чилонзор тумани...

Ўзбекистон ва Эрон савдо-саноат палатала...

Ўзбекистон ва Эрон савдо-саноат палаталари ўртасида қўшма савдо қўмитасини ташкил этиш бор...

Италиянинг «Innovando» компанияси қаттиқ...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрель куни “2019 — 2028 йиллар даврида...

Сўнгги янгиликлар