Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

14/Июль/2022   Долзарб

Испания мода компаниялари конфедерацияси “Moda España” билан тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик ўрнатилмоқда

МАДРИД, 14 июль. /«Дунё» АА/. Тўқимачилик соҳасида фаолият юритаётган етакчи хорижий компанияларга тегишли брендларнинг ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш борасида олиб борилаётган мақсадли ишлар доирасида мамлакатимизнинг Мадрид шаҳридаги элчихонаси ташаббуси билан Испания мода компаниялари конфедерацияси “Moda España” ва “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси ўртасида видеомулоқот орқали музокаралар ташкил этилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.


Музокараларда “Moda España” конфедерацияси президенти Анхель Асенсио Лагуна, халқаро бошқармаси бошлиғи Лусия Сориано, “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Мирмуҳсин Султонов ва уюшма мутасаддилари иштирок этди.

Видеомулоқот мобайнида хориж томони Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасидаги салоҳиятига бағишланган тақдимот билан таништирилиб, мамлакатимизда мазкур йўналишда эришилган ютуқлар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди.

Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар натижасида ҳозирги кунда Ўзбекистон тўқимачилик соҳаси тубдан ўзгаргани, пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот яратиш кластер тизими асосида амалга оширилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, барча жараён кластер компаниялари томонидан олиб борилиши натижасида мазкур соҳа бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида фаолият олиб бораётгани ва ҳозирги кунда мамлакатда етиштириладиган 1 млн тонна пахта тўлиқ Ўзбекистонда қайта ишланилиши таъкидланди. Ўзбек компаниялари ўз маҳсулотлари учун Европа Иттифоқи бозорида талаб этиладиган энг нуфузли ҳалқаро сертификатларга эга бўлаётганлиги ва бундай компаниялар сони кундан кунга ўсиб бораётгани айтиб ўтилди.

Ўз ўрнида, 2021 йилдан Ўзбекистон Европа Иттифоқига қатор маҳсулотларни имтиёзли шартларда етказиб бериши имконини берувчи GSP+ дастурига аъзо бўлгани, ЕИ мамлакатларига тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилишда божхона тўловлари йўқлиги ва мамлакат ҳукумати томонидан юқори қўшимча қийматлик товарлар экспортида транспорт харажатларининг 50 фоиздан 70 фоизгача қоплаб берилаётгани Ўзбекистон билан тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истиқболли эканига эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, энг муҳими, 2011 йилда халқаро Cotton Campaign коалицияси томонидан Ўзбекистон пахтасига қўйилган бойкот жорий йилнинг 10 март куни олиб ташлагани алоҳида қайд этилди.

Буларнинг барчаси бугунги кунда Испаниянинг мода соҳасида фаолият юритаётган компаниялари томонидан мамлакатимизнинг тўқимачилик соҳасидаги кенг имкониятлари ва фабрикаларимизнинг халқаро андозаларга тўлиқ жавоб бера оладиган тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни йўлга қўйиш ва, ўз навбатида, ўзбек тўқимачилик брендлари билан ҳамкорлик ўрнатиш учун яхши имконият бераётгани таъкидланди.

Шу билан бирга, ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш ва янги босқичга кўтариш мақсадида, “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси томонидан жорий йил октябрь ойида салоҳиятли ўзбек тўқимачилик компаниялари билан Испанияга “бизнес миссия” ташкил қилиш ва унинг доирасида Мадрид шаҳрида икки томон йирик тўқимачилик компаниялари иштирокида форум ўтказиш, Барселона шаҳрида 25-27 октябрь кунлари ташкил этиладиган “Barcelona Expo Textile 2022” кўргазмасида иштирок этиш режалаштирилаётгани айтиб ўтилди ва ушбу “бизнес миссия”ни “Moda España” билан ҳамкорликда уюштириш таклиф қилинди.

Ўз навбатида, “Moda España” конфедерацияси президенти Анхель Асенсио Лагуна мамлакатимиздаги барча ижобий ўзгаришларни, жадал олиб борилаётган ислоҳотларни, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўйи ва нуфузи ўсиб бораётганини алоҳида эътироф этди. Унга кўра, Испаниянинг йирик компаниялари, айниқса “Inditex” ва “El Сorte Ingles” каби нафақат мамлакатда, балки дунё бозорида етакчи ўринларни эгаллаган компанияларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдираётгани конфедерация томонидан юқори баҳоланмоқда. Музокаралар давомида “Moda España” конфедерацияси раҳбари “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси томонидан илгари сурилаётган Испания давлатида режалаштирилаётган тадбирларни ўтказиш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, барча ташкилий масалаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Moda España (Испания мода компаниялари конфедерацияси) 2013 йилда ташкил этилган. Испаниянинг мода соҳасида нарх шаклланиш занжирини бирлаштириш борасида институционал платформа вазифасини бажаради. Конфедерация соҳада фаолият юритаётган Испания тикув компаниялари уюшмаси (FEDECON), Испания трикотаж уюшмаси (AEGP), Испания чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари уюшмаси (ASEFMA), Испания мода яратувчилари уюшмаси( ACME ), Тестиль, чарм ва аксесуарлар савдоси ишбалармон уюшмаси (ACOTEX), Испания мўйна уюшмаси (SFA), Испания совға маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари ва улгуржи савдогарлари ишбилармон уюшмаси (REGALO FAMA), Испания мода хуқуқи экспертлари уюшмаси (AEDM), Иберия текстилни қайта ишловчилари уюшмаси (ASIRTEX), Испания барқарор мода уюшмаси (AMSE), Испания профессионал тўй либослари уюшмаси (APBE), Испания болалар учун маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари уюшмаси (ASEPRI), Испания спорт махсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва дистрибьюторлари уюшмаси (AFYDAD) каби йирик субъектлар, минтақавий уюшма ва федерацияларни ўз таркибига олган.

Moda España – Испаниянинг мода секторида лойиҳалаштириш, тайёрлаш ва ишлаб чиқаришдан тортиб тарқатиш ва сотиш жараёнини мувофиқлаштирувчи платформа ҳисобланади.

Мавзуга оид

Кемеровода ўзбек шоири хотирасига бағишл...

Кемерово шаҳрида шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносаб...

Ўзбекистон Президентининг Шимолий иқтисо...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугун Шимолий иқтисодий ҳамкорлик и...

Корхона қўллаб-қувватланиб, кластерга ай...

Бугун давлатимиз иқтисодий сиёсатининг асосий моҳияти – маҳаллийлаштириш, рақобат, иш ўрни...

Сўнгги янгиликлар