03/Февраль/2023 Иқтисодиёт
МАДРИД, 3 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Испаниянинг «Unincoming Tour SL» сайёҳлик компанияси бош директори, Валенсиядаги «Silkway SL» Испания-Ўзбекистон савдо ва сармоя уйининг раҳбари ўринбосари Оскар Лацо билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Испаниядан мамлакатимизга тўғридан-тўғри ва чартер ҳаво қатновларини йўлга қўйиш ҳамда мамалакатимизнинг бой сайёҳлик салоҳиятини Испания ва Лотин Америкаси ҳудудларида кенг тарғиб этиш орқали сайёхлар оқимини ошириш мақсадида бунга мутасадди ташкилотлар, сайёҳлик компаниялари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун инфотур ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Оскар Лацо ўзининг Ўзбекистонга ўтган йилдаги сафари чоғида мамлакатимизнинг сайёҳлик соҳаси мутасаддилари билан бўлиб ўтган учрашув чоғида мамлакатимизга инфотур ташкил қилиш масалалари муҳокама этилганини маълум қилар экан, шунга кўра жорий йил 17-24 март кунлари 26 нафардан иборат гуруҳ аъзолари учун «Мадрид - Истанбул - Тошкент - Самарқанд - Бухоро - Хива - Ургенч - Истанбул - Мадрид» йўналиши бўйича инфотур режалаштирилганлигини, ушбу гуруҳ таркибидан Испания ва Мексика турагентлари, блогерлар, ютуберлар, инфлюенсерлар ва ОАВ вакиллари жой олганини айтди.
Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, Оскар Лацо 2022 йил март ойида амалий сафар билан мамлакатимизда бўлган эди.