26/Январь/2023 Сайёҳлик
МАДРИД, 26 январь. /«Дунё» АА/.Мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 24 январь куни элчихонада Испаниянинг «Hermitage Group» сайёҳлик компанияси асосчиси ва бош директори Висенте Касейро билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашув аввалида хориж томонига сўнгги йиллар давомида мамлакатимизда туризм соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар, хусусан, дунёнинг аксарият давлатлари фуқаролари учун визасиз режим ҳамда қатор хорижий мамлакат паспорт эгалари учун электрон виза тизими жорий этилгани ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, меҳмонхона инфратузилмаси модернизация қилингани, сайёҳларнинг қулай яшаши ва хавфсизлиги учун барча шароитлар яратилгани билан боғлиқ тафсилотларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йилига 2 миллион туристга хизмат қиладиган кўп тармоқли “Буюк Ипак йўли” халқаро туризм маркази барпо этилгани ва унинг таркибидаги “Боқий шаҳар” мажмуаси, Конгресс ҳолл, 8 та замонавий беш юлдузли меҳмонхоналар, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектлар барпо этилгани ҳақидаги маълумотларга урғу берилди. Самарқанд халқаро аэропорти қайта реконструкция қилиниши ва “Очиқ осмон” режими йўлга қўйилиши натижасида хориждан сайёҳлар оқимини янада оширишга замин яратилгани қайд этилди.
Ўз навбатида, Висенте Касейро мамлакатимиз бўйлаб сафарлари чоғида туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кечаётган янгиланиш жараёнларига ҳамда хорижий сайёҳлар учун яратилган шароитларга гувоҳ бўлганини маълум қилар экан, бу йўналишда ҳамкорлик қилиш истаги борлигини айтди. Хусусан, ўтган йил ноябрь ойида ташкилган этилган “Халқаро туризм ҳафталиги”да иштирок этгани ва ушбу тадбир доирасида Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Б.Ибрагимов, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси директори К.Акилова ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинганлигини қайд этди.
Бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда испаниялик буюк рассом Пабло Пикассо қаламига мансуб ижод намуналари кўргазмасини жорий йил Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, «Hermitage Group» компанияси туризм ва меҳмонхона бизнесидаги PR ва маркетинг йўналишида кўп йиллик тажрибага эга. Компаниянинг асосий вазифалари туризм маҳсулотларини, сайёҳлик йўналишлари, меҳмонхоналар, авиаташувчилар, вилоятлар, шаҳарлар ва сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишдан иборат. Бугунги кунда компания ўз хизматларини Европа ва МДҲ мамлакатлари бозорларида тақдим этмоқда.