Uz / Ўз Ru En

Toshkent

30/Июнь/2020   Долзарб

Исроилдаги элчимиз лавозимига тайинланган Феруза Маҳмудова Инновацион ривожланиш вазирлигида музокаралар ўтказди


ТОШКЕНТ,  30 июнь. /«Дунё» АА/. Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистоннинг Исроилдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинланган Феруза Маҳмудова билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашув давомида Исроил Давлати билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги илм-фан ва инновация соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Исроил давлати Япония, Жанубий Корея ва Франция давлатларидан илгарилаган ҳолда Глобал инновацион индекс бўйича 11-ўринни эгаллаб турибди. Исроил фан ва техника оламида дунё бўйича етакчи давлатлардан бўлиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 4,3 фоизи аҳоли тадқиқотлари ва ишланмаларига йўналтирилади. Мамлакатда ҳар 10 минг ходимнинг 140 нафари олимлар.

Иброҳим Абдураҳмонов вазирлик фаолияти давомида Исроил билан қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани, хусусан, Нобель мукофоти лауреати Дан Шехтманнинг Ўзбекистонга ташрифи, Исроилнинг «Maya International» компанияси билан сунъий йўлдош орқали қувурлардан сув сизишини аниқлайдиган технология трансфери ҳамда ҳаводан сув оладиган ускуна яратувчи «Watergen» компанияси билан ҳамкорлик алоқалари тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, «Innoweek 2018» инновацион ғоялар ҳафталигида энг яхши стартап деб топилган «Сleanbox» лойиҳаси Исроилдаги нуфузли халқаро «StartHaifa» танловида биринчи ўринни эгаллагани айтиб ўтилди.

Феруза Маҳмудова янги тайинланган лавозимида юртимизда илм-фан тараққиёти учун Исроилнинг тажрибасидан фойдаланишда бор имкониятлардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

— Ушуб  шарафли ва масъулиятли лавозимга тайинланганимдан сўнг ташкил этилган биринчи учрашувим Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлаётгани келажакда Исроил ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишида инновацияларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этишига умид бағишлайди, – деди Феруза Маҳмудова. – Мен юртимизнинг ҳар бир фарзанди жаҳон андозаларига мос билим эгаллаши ва шу билимлар орқали ватанимиз равнақига ҳисса қўшишини орзу қиламан.

Бундан ташқари, учрашувда Исроилнинг етакчи илмий тадқиқот марказлари ва олий ўқув юртлари билан картография ва геоахборот, биоинформатика, тиббиёт ва биотиббиёт, рақамлаштириш, кибернетика ва ахборот хавфсизлиги соҳаларида ҳамкорликни ўрнатиш лозимлиги қайд этилди.

Мавзуга оид

Шерзод Асадов: Ўзбекистон инсон ҳуқуқлар...

2020 йил 13 октябрь куни Ўзбекистоннинг янги тарихида муҳим сана сифатида битилади. Бирлаш...

Ўзбекистон элчиси Россия соғлиқни сақлаш...

Кеча Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко ва уни...

ЖССТ билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва...

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге ўз лавозимига киришгандан кейин хор...

Сўнгги янгиликлар