08/Январь/2023 Ўсиш нуқтаси
ТОШКЕНТ, 8 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги ҳамда тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ кеча Хоразм вилоятининг саноат, инвестициявий ва экспорт салоҳиятининг жорий ҳолати билан танишиш ва уни ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирларини шакллантириш бўйича ишларни давом эттирди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, жумладан, ишчи гуруҳ “Develop Textile”, “New Best Style” МЧЖ, “Future Industries Systems” МЧЖ, “Xiva klaster” МЧЖ, “Хива ипак фабрикаси”, “Yantex invest” МЧЖ, “Yangiariq tex” МЧЖ, “Komila kelajak avlod gilamlari” МЧЖ корхоналарида бўлди. Лойиҳа ташаббускорлари билан суҳбатда тадбиркорлар ўз фаолияти давомида дуч келадиган масалалар муҳокама қилинди ва уларни ҳал этиш алгоритмлари жойида ишлаб чиқилди. Тегишли раҳбарларга зудлик билан ёрдам чораларини кўриш топширилди.
Амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад саноатнинг турли тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, фаолият кўрсатаётган корхоналарни кенгайтириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, қийналаётган корхоналарни лойиҳавий қувватларга олиб чиқиш жараёнида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги тизимли ишлар самарадорлигини оширишдан иборат. Ушбу чора-тадбирлар қўшимча инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан бир вақтда ишлаб чиқариш ҳажмини 2023 йилга мўлжалланган кўрсаткичлардан камида 15 фоизга ошириш имконини беради.