31/Март/2021 Экология
ТОШКЕНТ, 31 март. /«Дунё» АА/. Кеча видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан ташкил этилган Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича Маслаҳат қўмитасининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг маълум қилишича, тадбирдан кўзланган мақсад Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва донорлик ёрдамини мувофиқлаштиришдан иборат.
Маслаҳат қўмитаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси (Траст жамғармаси) ташаббуси билан барча кўп ва икки томонлама шерикларни бирлаштирадиган, шунингдек, Орол денгизи минтақасидаги саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштирадиган ягона платформа сифатида ташкил этилган.
Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрейзер ҳамраислик қилди.
Учрашувда хорижий давлатлар, БМТ агентликлари, молия институтлари, халқаро жамоатчилик ва илмий муассасалар, хайрия жамғармалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг 140 га яқин вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида Ўзбекистон томони Оролбўйи минтақасининг экологик мувозанати ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш учун кўп томонлама “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш Концепциясини тақдим этди.
Ҳужжат Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича хорижий ва халқаро ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, шунингдек, Оролбўйи аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун ресурсларни сафарбар этиш ҳамда мазкур ўзгаришларни самарали мониторинг қилиб боришда мувофиқлаштирилган ёндашувларни жорий этишни таъминлашга мўлжалланган.
Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) вакиллари ҳудудда аниқ амалий натижаларга эришиш учун “Йўл харитаси”ни самарали рўёбга чиқариш механизмлари юзасидан ўз фикрларини баён этди.
Учрашув иштирокчилари “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни амалга оширишда муваффақиятга эришишнинг муҳим омили сифатида тараққиёт бўйича хорижий ва халқаро ҳамкорларнинг кенг доирасини учта ишчи гуруҳ, яъни барқарор инвестициялар, маълумотлар ва баҳолар, шунингдек, хабардорликни ошириш йўналишлари бўйича жалб этиш лозимлиги хусусида якдил фикрга келди.
Учрашув давомида Траст жамғармаси томонидан молиялаштириладиган амалдаги қўшма дастурлар доирасида эришилган натижалар ҳақида БМТ агентликларининг маълумоти тингланди.
Ҳозирги вақтда Траст жамғармаси томонидан 5та, хусусан, аҳолини тоза ичимлик сувидан фойдаланишини яхшилаш, перинатал ёрдам сифатини ошириш ва ундан фойдаланишни кенгайтириш, қишлоқ хўжалигида инновацион ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, умумтаълим мактабларида санитария шароитларини яхшилаш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳалар молиялаштирилганлиги маълум қилинди.
Шунингдек, бугунги кунга келиб, ҳудуддаги бешта аҳоли яшаш пунктларидаги аҳолининг қарийб 3500 нафари тоза ичимлик суви билан таъминлангани, Қўнғирот ва Беруний туманларида инфратузилма яхшиланиб, туғруқхоналарга янги ускуналар ўрнатилгани, Нукус шаҳар перинатал марказида эса 9000 га яқин она ва яна шунча янги туғилган чақалоқлар юқори сифатли перинатал хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлгани маълум қилинди.
Қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларини ривожлантириш бўйича ишлар, Орол денгизининг қуриган тубининг фауна ва флорасини ўрганиш ва бошқа йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Яқин келажакда Траст жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш учун янги лойиҳаларни танлаш бўйича учинчи танлов эълон қилиниши кутилмоқда. Муҳокама чоғида тараққиёт бўйича халқаро ҳамкорлар, шунингдек, Ўзбекистон вазирликлари, идоралари ва жамоат ташкилотлари вакиллари Оролбўйи минтақасининг барқарор ривожланишини янада мустаҳкамлаш юзасидан ўз тавсияларини тақдим этди.
Траст жамғармаси фаолияти ҳақида батафсил маълумотни http://www.aral.mptf.uz/ расмий веб-сайтида танишиш мумкин.