Uz / Ўз Ru En

Toshkent

17/Март/2021   Иқтисодий дипломатия

ИТСВ: Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Япония бизнес федерацияси билан ўтказилган онлайн-конференцияда иштирок этди


ТОШКЕНТ, 17 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов кеча Япония бизнес федерацияси (Кейданрен) билан ўтказилган видеоконференцияда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълум қилишича,  Япония етакчи компанияларининг 300 га яқин раҳбар ва вакиллари иштирок этган мазкур анжуман Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг ўтган йилнинг декабрь ойида Японияга ташрифи чоғида эришилган келишувлар амалий ижросининг давоми бўлиб, Ўзбекистонда бизнес юритиш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш учун яратилаётган қулай шарт-шароитларни кенг тарғиб қилишга мўлжалланган.

Тадбирда Япония томонига Федерациянинг «Япония-МДҲ» бизнес ҳамкорлиги Қўмитаси раиси Фумия Кокубу раҳбарлик қилди. Бизнес-анжуманда «Itochu Corporation», «Japan Tabako», Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO), Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC), «Marubeni Corporation», «Mitsubishi Corporation», «Mitsubishi Electric», «Nippon Express», «Mitsui & Cо.», «Panasonic Corporation», «Shimizu Corporation», «Sumitomo Corporation», «Toyota Tsuse Corporation», «Yokogawa Electric» ва бошқа компаниялар каби 25 Кейданренга аъзо етакчи ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Анжуман доирасида Ўзбекистон томони Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги сиёсий, дипломатик ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва истиқболларини атрофлича очиб берди, шунингдек, Ўзбекистон бозорида Япония бизнесини тизимли қўллаб-қувватлашни давом эттиришга содиқлигини билдирди.

Фумия Кокубу икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, молиявий, техник ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришда ижобий тенденцияни қайд этди. Унинг замирида 2019 йилнинг декабрь ойида Японияга олий даражадаги ташриф якунида эришилган келишувларни изчил амалга оширишга қаратилган тегишли вазирлик ва идораларнинг самарали ҳамкорлиги ётибди.

Очиқ мулоқот тарзида кечган бизнес-анжуманда Япония ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиш истиқболларини ҳамда келгусида шериклик муносабатларини йўлга қўйиш учун энг жозибадор соҳаларни муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар. Бу Япония ишбилармон доираларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.

Тадбир давомида савол-жавоблар сессияси ҳам ўтказилиб, унда япониялик ишбилармонлар ва тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича маълумот олдилар.

Тадбир якунида «Япония-МДҲ» бизнес ҳамкорлиги Қўмитаси раиси Фумия Кокубу бошчилигидаги Кейданрен делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Япония бизнес – форумини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон - Испания: темир йўл соҳасида...

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти билан Испаниянинг «IBERTEST» компанияси ўрт...

Ўзбекистон ва Украина ўсимликлар каранти...

бекистоннинг Украинадаги элчихонаси вакиллари ушбу мамлакат Озиқ-овқат хавфсизлиги ва исте...

Макка шаҳрида Ўзбекистон ва Саудия Араби...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқо...

Сўнгги янгиликлар