07/Декабрь/2022 Иқтисодиёт
ТОШКЕНТ, 7 декабрь. /«Дунё» АА/. Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, умумий қиймати 24 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳаси «Mirishkor textile group» кластери таркибига киради. Ушбу босқичда корхонада 300 та иш ўрни яратилди. Кейинчалик ишлаб чиқаришни кенгайтириш, иш ўринлари сонини 700 тага етказиш режалаштирилган.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган тикув ва трикотаж маҳсулотларини Россия, Туркия, Қозоғистон, Хитой ва бошқа яқин ва узоқ хориж мамлакатларига экспорт қилиш режалаштирилган.
Тадбирнинг очилишида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси раҳбарияти, маҳаллий ҳокимликлар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Амалга оширилаётган лойиҳа мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилган қулай шарт-шароитлар яратилгани самараси экани таъкидланди. Шунингдек, вилоятда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, хомашёни қайта ишлаш ва тўқимачилик маҳсулотлари экспорти географиясини кенгайтириш учун етарли ресурслар мавжудлиги қайд этилди.