Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

27/Ноябрь/2021   Иқтисодий дипломатия

ИТСВ: Сеулда Ўзбекистон ва Корея Республикаси Бош вазирлари ўринбосарларининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди


 ТОШКЕНТ, 27  ноябрь. «Дунё» АА/. Кеча Сеул шаҳрида Ўзбекистон ва Жанубий Корея Бош вазирлари ўринбосарларининг 4-Йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси делегациясига Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Корея Республикаси делегациясига эса Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Хонг Нам Ки бошчилик қилди. Учрашувда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, энергетика, соғлиқни сақлаш, енгил ва электротехника саноати ҳамда бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликка масъул бўлган вазир ўринбосарлари ва икки мамлакат вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.

Учрашув икки давлат ўртасидаги келишувларни амалга оширишни муҳокама қилиш, шунингдек, кўп қиррали икки томонлама шерикликни янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун майдончага айланди.

Томонлар амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бугунги ҳолатини кўриб чиқиб, саноат, ахборот-коммуникация технологиялари, иқтисодиётни рақамлаштириш, «яшил» технологиялар, илм-фан ва таълим соҳаларида янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишни назарда тутган ҳолда, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва Кореянинг илғор технологияларини жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш долзарблигини таъкидладилар. Тез орада икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари томонидан иқтисодий самарадорлиги ҳар томонлама кўриб чиқиладиган аниқ лойиҳавий таклифлар илгари сурилди.

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги инвестициявий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг барқарор ижобий динамикаси қайд этилди. Жорий йил бошидан буён Ўзбекистоннинг Кореяга амалга оширилган экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга, Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган тўғридан-тўғри Корея инвестицияларининг умумий ҳажми эса 7 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон томони Жанубий Корея ҳукуматининг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон билан ўзаро савдо ҳажмини 2023 йилга бориб 10 миллиард долларга етказишни кўзлаб олиб борилаётган «Янги Шимолий сиёсат»ини қўллаб-қувватлашга содиқлигини ҳамда ушбу ташаббус доирасида янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Молиявий ва техник ҳамкорликни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. EDCF жамғармаси билан биргаликда амалга оширилаётган Фармацевтика кластери, Кимёвий технологиялар маркази ва ўзида катталар учун кўптармоқли шифохона, онкологик касалликларни даволашга мўлжалланган шифохона ва тиббиёт университетини мужассам этган Тиббиёт кластери каби лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилди. Кореянинг KOICA Халқаро ҳамкорлик агентлиги билан муваффақиятли муносабатлар ҳам қайд этилди. Жумладан, унинг ёрдамида Ўзбекистонда қиймати 32 млн долларга тенг бўлган 130 та лойиҳа амалга оширилди ва Кореяда ўзбек мутахассислари учун 2 мингдан ортиқ амалиёт курслари ташкил этилди. KOICA билан 2022-2024 йилларга мўлжалланган янги Ҳамкорлик дастурини шакллантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Томонлар бўлажак олий даражадаги ташриф давомида ҳужжатни имзолаш мақсадида уни ниҳоясига етказишга келишиб олди.

Учрашув давомида бўлиб ўтган фикр алмашувлар икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун улкан захиралар мавжудлигини кўрсатди. Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари эришилган келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон-Корея Республикаси муносабатларини янада чуқурлаштириш борасида янги таклифлар билан алмашиш мақсадида яқиндан мулоқот қилишни давом этишга ўзаро тайёр эканликларини билдирди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва ...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқо...

Бухорода бўлиб ўтган иқтисодий ҳамкорлик...

Кеча Бухоро шаҳрида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясин...

Ўзбекистоннинг Хиросима префектураси ва ...

Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Хиросима префектураси губернатори Хидехико Юзаки...

Сўнгги янгиликлар