27/Июнь/2022 Иқтисодий дипломатия
ТОШКЕНТ, 27 июнь. /«Дунё» АА/. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида (ИТСВ) маҳсулотларини Жанубий Корея бозорига экспорт қилувчи 50 дан ортиқ ўзбек корхоналари раҳбарлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ИТСВ маълумотига кўра, тадбирда экспортчилар ўз фаолиятларида дуч келаётган долзарб муаммоларни ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва Корея бозорига экспорт қилинаётган маҳаллий маҳсулотлар ҳажмини ошириш бўйича таклифларни билдирдилар.
Шунингдек, тадбирда ИТСВ тегишли бошқармаларининг масъул ходимлари, Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари қатнашди.
Экспортчиларга ўзбек маҳсулотларини ташқи бозорларга экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш борасида ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар тақдим этилди, шунингдек, турли соҳаларда, жумладан, тўқимачилик, кимё ва озиқ-овқат саноатида савдо айланмасини оширишнинг муҳим истиқболлари қайд этилди.
Ўзаро бизнес миссиялар ва саноат кўргазмаларини ташкил қилишни назарда тутган ҳолда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида яқин ва ишончли муносабатларни ўрнатиш зарурлиги таъкидланди.
Маҳаллий ишбилармонлар жорий йилнинг 3-7 июль кунлари Корея компанияларининг 200 га яқин вакиллари иштирокида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган бизнес-миссияда иштирок этишга таклиф этилди. Миссия доирасида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида бизнес-форумлар, «B2B» ва «B2G» форматидаги икки томонлама учрашувлар, шунингдек, мамлакатимизнинг йирик саноат корхоналарига ташриф буюриш режалаштирилган.
Учрашув якунида бундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.