Uz / Ўз Ru En

Toshkent

10/Февраль/2020   Бухоро - Ислом олами маданияти пойтахти

«Кампирак девори»нинг узунлиги 336 километр бўлган


БУХОРО, 10 февраль, /«Дунё» АА/. Бухоро тарихи ҳақидаги асл ҳақиқатлар шаҳардаги қадимий бинолар ва бугунги кунда айрим жойларда қолдиқлари қолган деворларда намоён бўлади. Неча минг йиллардан буён виқор солиб турган қадимий деворлар неча воқеа-ҳодисаларга гувоҳ.  Девор сўзининг асл луғавий маъноси “шаҳарнинг айланма кўйлаги”, яъни шаҳар атрофини ўраб олган мудофаа иншооти, деган маънони англатади.

Афсуски, кўҳна тарихдан сўзлагувчи бу иншоотлар йилдан-йилга нураб, афсонага айланмоқда. Бухоро воҳасини ўраб турган девор харобалари  ҳозирги вақтда воҳанинг турли ҳудудларида учрайди. У халқ орасида «Канпирак», «Кампир девор», «Девори Кампирак» номлари билан машҳур.  Тарихий китобларда Бухоро атрофида турли даврларда иккита девор барпо этилгани қайд этилган.

Улардан бири бўлган «Кампирак девор» анча қадимийроқдир. Иккинчиси эса VIII-IX асрларга оид ҳисобланади. Девор миноралар кўринишидаги қалъалар ва истеҳкомлар каби қўшимча ҳимоя иншоотларига ҳам эга бўлган. Aрхеологик қазишмалар пайтида деворларни қуриш босқичлари ва қурилиш ускуналари аниқланди. Тадқиқотчиларга кўра, девор  милоддан аввалги III асрда қурилган.

Ҳозирги кунда «Кампирак девори» нинг  асосий харобалари Қизилпета тумани ҳудудида тупроқ остида ястаниб ётибди. Қадимда катта бир воҳани душмандан ҳимоя қилган бу улкан иншоот Буюк Хитой девори каби  катта мавқега эга бўлган. Маълумотларга қараганда унинг (Кампирак девори) - узунлиги 336 километр, кенглиги 12-14 метр бўлган экан. У бутун бир давлатни ўраб олган ҳимоя девори ҳисобланган. Асрлар давомида табиат кучлари ва ўзаро урушлар натижасида девор нураб, емирилиб, ҳозирга келиб узун сунъий қир ҳолига келиб қолган. Қирнинг баландлиги турли жойларда ҳар хил бўлиб, ўрта ҳисобда 1 метрдан 3 метргача, ҳатто 4 метргача етган. Унинг кенглиги ҳам ҳар жойда турлича сақланган ва ўртача 20-30 метрни ташкил этади.

Истеҳкомга «Кампирак девори» номининг берилиши юзасидан ҳам турлича фикрлар илгари сурилади. Манбаларга кўра қадим Бухоро ҳукмдорларидан бири аёл бўлган. У мамлакатни ташқи душман ҳужумларидан сақлаб қолиш учун кучли истеҳком қуришни буюради. Иншоот аёл ҳукмдорнинг қарилик - кампирлик даврида қуриб битказилгани учун унга шу ном берилгани ҳақида ҳикоя қилувчи ривоятлар сақланиб қолган.

Археолог қазишмалар вақтида девор харобалари остидан милоддан аввалги VII ва милодий VII асрларга оид турли уруш қуроллари, сопол идишлар, қишлоқ хўжалиги анжомлари, аёлларга тегишли тақинчоқлар ва бошқа нарсалар топилган. Бу ашёлар деворнинг ҳақиқий ёшини аниқлашди муҳим аҳамият эга.

 Қадимий Бухоронинг узоқ кенгликларини ҳимоя қилган «Кампирак девори»нинг ҳалигача мавжудлиги халқимизга, хусусан, ёшларимизга ўтмишдан сабоқ олиб, келажакни барпо этишга ундаб турибди.

Жобир Хўжақулов,

“Дунё” АА

Мавзуга оид

Саййид Амир Кулол: Илм талабида оловли ё...

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ТФан, таълим ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (...

Рихиати Салиҳ Нажиб: Бухоро қадим мадани...

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида 2020 йилда «Бухоро – Ислом олами маданияти по...

Ўмон Султонлигининг «Вижхат» газетасида ...

Ўмон Султонлигининг ихтисослашган «Вижхат» газетасида Ўзбекистоннинг ижтимоий-маданий ҳаёт...

Сўнгги янгиликлар